Ўзбекистон | 15:23 / 06.11.2019
17806
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда бўлиш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик бекор қилинди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида вақтинча бўлиш қоидаларини бузганлиги учун жавобгарлиги либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 2019 йил 30 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2019 йил 11 октябрда маъқулланган.

Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 224-моддаси (Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиш) чиқариб ташланди.

Шу вақтга қадар чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахснинг Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузиши, яъни Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқини берадиган ҳужжатларсиз ёки ҳақиқий бўлмаган ҳужжатлар билан яшаши, вақтинча ёки доимий прописка, кўчиш ёки турар жой танлаш юзасидан белгиланган тартибга риоя этмаслиги, бўлиш муддати тугагач чиқиб кетишдан бўйин товлаши, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди орқали транзит тарзда ўтиш тартибига риоя қилмаслиги, агар шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса энг кам ойлик иш ҳақининг икки юз бараваридан олти юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланарди.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасида бўлиши қоидаларида назарда тутилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни қабул қилиш тартибининг мансабдор шахс томонидан бузилиши, ана шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланган.

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни хусусий иш билан Ўзбекистон Республикасига таклиф қилган фуқаро томонидан мазкур фуқароларнинг вақтинча пропискадан ўтишларини, шунингдек улар шу ерда бўлишининг белгиланган муддати ўтгач чиқиб кетишларини таъминлашга доир чоралар кўрилмаслиги, шунингдек уй-жой, транспорт воситалари бериб қўйилиши ёхуд бошқа хизматлар кўрсатилиши, агар бу Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларининг бузилишига олиб келиши олдиндан аён бўлиб, ана шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса энг кам иш ҳақининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима солиш ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилгача озодликни чеклаш ёхуд икки йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси белгиланган.

Мавзуга оид