Жамият | 11:22 / 07.11.2019
9756
2 дақиқада ўқилади

Тошкент туманидаги товуқ фермаси ёниб кетди

Фото: ФВВ ЁХББ матбуот хизмати

Жорий йилнинг 6 ноябрь куни соат 04:32да Тошкент вилояти Тошкент тумани, Кўксарой ҳудуди, “Оқтом” МФЙ, Низомий-Ганжавий кўчасидаги “Дўня Паранда” МЧЖга қарашли товуқ фермасида ёнғин бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотида айтилишича, хабар асосида воқеа жойига 6 та ёнғин ўчириш бўлинмалари жалб этилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга 8 дақиқада етиб борган. 

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05:03да қуршаб олиниб, соат 06:03да тўлиқ бартараф этилган. Тан жароҳати олган ва ҳалок бўлган инсонлар йўқ. Бироқ, ёнғин ҳақида аланга майдони кенгайиб кетгандан сўнг ёнғин-қутқарув хизматига хабар берилгани учун биринчи ёнғин ўчириш бўлинмалари воқеа жойига етиб борганда, ферма биноси тўлиқ очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. 

Ёнғин оқибатида товуқ фермасининг 250 кв. метр майдонда томи, шифти, ички қисми ёниб зарарланган ҳамда 150 донадан ортиқ товуқ нобуд бўлган. Ёнғиннинг тахминий сабаби - электр симларида юзага келган қисқа туташув. Моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Мавзуга оид