Иқтисодиёт | 08:13 / 08.11.2019
11257
2 дақиқада ўқилади

Дунёдаги умумий қарз 188 триллион долларга етди

Фото: Фото: Jose Luis Magana / AP

Дунёдаги давлат ва хусусий қарз рекорд қийматга етиб, 188 трлн долларни ташкил қилмоқда. Бу эса дунё ялпи ички маҳсулотининг 230 фоизини ташкил қилади. Бу ҳақда Халқаро валюта жамғармаси директори Кристалина Георгиева Жак Полак номидаги анжуман очилишида маълум қилди. 

Георгиеванинг айтишича, барча қарзнинг учдан икки қисми хусусий секторга тегишли. Дунё бундай улкан рақамларни Иккинчи жаҳон урушидан бери кўрмаган. 

ХВЖ раҳбари пулларни ҳозир олиб, уларни кейин қайтариш илдизлари узоқ ўтмишга бориб тақалишини эслатиб ўтган. Қадимги замонларда одамлар уруғларни сотиб олиш учун қарз олган, қарзни эса ҳосилни йиғиб олгандан кейин қайтаришган. “Ҳозир ҳам банклар ва кредиторлар келажак тараққиёт учун уруғлар экишда муҳим роль ўйнамоқда”, деб айтган Георгиева.

Шу билан бирга тарих ҳеч нарса билан мустаҳкамланган кредит ажиотажи жаҳон молиявий инқирозига олиб келгани каби қарз беришнинг салбий томонларини ҳам билади.

ХВЖ директори бундай муаммолардан қочиш учун қарз олишга эътиборлироқ бўлишни, унинг ўрнига инвестицияларга кўпроқ аҳамият беришни таклиф қилган. 

“Умумий вазифамиз давлатларга келажак авлод мўл ҳосил олиши учун уруғларни тўғри экишда ёрдам беришдан иборат”, деб қўшимча қилган Георгиева.

Мавзуга оид