Жамият | 07:50 / 09.11.2019
10668
2 дақиқада ўқилади

«Сергели кичик саноат зонаси» ҳудудида йирик ёнғин содир бўлди

Фото: ФВВ ЁХББ матбуот хизмати

2019 йилнинг 8 ноябрь куни соат 17:52да Тошкент шаҳар Сергели тумани 2-даҳасида жойлашган “Сергели кичик саноат зонаси” ҳудудида ёнғин содир бўлаётганлиги ҳақида ёнғин-қутқарув хизматига хабар келиб тушган.

Ўзбекистон Республикаси ФВВ ЁХББ ОАВ билан ҳамкорлик қилиш бўлинмаси маълумотида айтилишича, хабар асосида воқеа жойига дастлаб автоматик равишда 4та ёнғин ўчириш бўлинмалари юборилган. Биринчи бўлинмалар чақирилган манзилга соат 17:57да етиб борган вақтда ишлаб чиқариш цехлари жойлашган бинонинг иккинчи қавати очиқ аланга билан ёнаётганлиги маълум бўлган. Тошкент шаҳридаги юқори қаватли биноларга ўрнатилган видеокузатув мосламалари орқали воқеа жойи кузатилиши ҳамда воқеа жойидаги ёнғин ўчириш раҳбари томонидан тасдиқланган II юқори чақириқ бўйича қўшимча равишда 6та асосий ёнғин ўчириш техникалари жалб этилган.

Кўрилган тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 19:46да қуршаб олиниб, соат 20:20да тўлиқ бартараф этилган. Ёнғин оқибатида “Сергели кичик саноат зонаси” ҳудудидаги “Магна-мебел” МЧЖга қарашли мебель ишлаб чиқариш цехи ва “Усефул-бизнес-груп” синтефон ишлаб чиқариш цехининг 1500 кв. метр майдонда томи ва ички қисмлари ёниб зарарланган. Ёнғиндан объектнинг 15500 кв. метр майдони сақлаб қолинган ҳамда аланга ҳудуддаги қўшни тадбиркорлик объектларига ўтиб кетиши олди олинган.

Тан жароҳати олганлар ва ҳалок бўлганлар қайд этилмаган. Ёнғин сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда. 

Мавзуга оид