Жамият | 16:40 / 10.11.2019
22064
2 дақиқада ўқилади

Сариосиёдаги қишлоқда ток пастлигидан электр ҳисоблагичлар ҳам ишламаяпти — видео

Сурхондарё вилоятининг Сариосиё туманидаги Маржона маҳалласи аҳли дуч келган ичимлик суви муаммоси ҳақида олдин ҳам репортаж уюштирган эдик.

Энди совуқ фасллар келиб, қишлоқ аҳли электр токи пастлигидан азият чекмоқда. Гарчи қишлоқда электр энергияси узлуксиз берилаётган бўлса-да, унинг кучланиши кескин пасайиб кетди ва қишлоқ деярли зулмат ичида қолган.

Хонадонларга кечқурунлари 35-60 вольт кучланишда электр энергияси узатилмоқда. Бу қувват ҳаттоки хоналарни ёритишга ҳам етмаяпти. Шу сабабли ҳаттоки энергия тежамкор лампалар ҳам ишламай қолмоқда.

Аҳоли маиший техникалари ишлаши учун инвертор ёрдамида токнинг кучланишини 128-130 вольтгача кўтаришга мажбур бўлишмоқда. Ток камлигидан сув иситувчи бойлер ишламаяпти. Энг ҳайратланарлиси — электр ҳисоблагичлар ҳам ток пастлигидан ишламай қоляпти.

Аҳолининг мутасаддиларга бу борадаги мурожаатларига тайинли жавоб берилмаяпти. Қишлоққа каттароқ қувватдаги трансформатор подстанцияси керак.

Қишлоққа табиий газ ҳам ўтказилмаган. Хайрият кўмир кони яқин. Совуқ кунларда уйлар кўмир ёрдамида иситилади. Маржоналиклар оғир шароитлардан тезроқ фориғ бўлишни истайди.

Ш.ШОКИРЖОНОВ тайёрлади.

Мавзуга оид