19:17 / 11.11.2019
1
5058

ДХА давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида аниқланган камчиликларни маълум қилди 

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қатор камчиликларни маълум қилди. 

Қайд этилишича, масалан, йўловчи ва юк ташишни лицензиялаш 1 августдан бошлаб давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши лозим бўлса-да, Транспорт вазирлиги томонидан ўз вақтида интеграция ишлари амалга оширилмаганлиги натижасида ушбу хизмат тўғридан-тўғри кўрсатилмоқда. Ушбу ҳолат бўйича вазирликнинг масъул хизматларига нисбатан Давлат хизматлари агентлиги томонидан маъмурий жавобгарлик чораси қўлланилди. 

“Умуман олганда, ўтган 10 ой давомида агентлик томонидан тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатиш, хизмат кўрсатиш муддатларини бузиш ҳамда ортиқча ҳужжат талаб қилиш каби бир қатор қонун бузилишлари аниқланди”, дейилади агентлик баёнотида.

Статистик маълумотларга кўра, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида энг кўп қонун бузилиши ҳолатлари кадастр идоралари, ҳокимликлар, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш (электр, сув, газ, сув-оқова ташкилотлари) томонидан йўл қўйилганлиги аниқланди.

Юқоридаги ҳолатлар қайта такрорланишининг олдини олиш мақсадида агентлик томонидан тегишли ҳуқуқий таъсир чоралари қўлланиб келинмоқда. Хусусан, аниқланган ҳолатлар бўйича давлат органларига 689та тақдимнома, 1545та огоҳнома киритилди ҳамда 2264 нафар шахсга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилди. Қўлланилган таъсир чораларига асосан 421 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди, шундан 49 нафари вазифасидан озод этилди ҳамда 2244 нафар шахсга нисбатан маъмурий жарима жазоси қўлланилди.

“Ҳар бир идора раҳбарлари ва уларнинг масъул мутахассисларини ўз вазифаларини сидқидилдан бажаришга ундаймиз”, дейилади Давлат хизматлари агентлиги баёнотида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top