Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қуролли Кучларнинг Интизом низоми лойиҳаси эълон қилинди
Фото: KUN.UZ
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг Интизом низоми лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.
Низом талаблари хизмат фаолияти оддий аскар, сержант, офицер ва генераллар таркиби лавозимлардаги ҳарбий хизматга тенглаштирилган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига нисбатан қўлланилади.
Низомнинг қоидалари резервдаги ҳарбий хизматга мажбурларга, шунингдек ҳарбий хизматдан фарқлаш белгилари тақилган ҳарбий формали кийимни кийиб юриш ҳуқуқи билан бўшатилган фуқароларга нисбатан улар ҳарбий формали кийимни кийиб юрган вақтда татбиқ этилади, айрим истисноли ҳолатлардан ташқари.
Ҳарбий интизом – бу барча ҳарбий хизматчиларнинг қонун, ҳарбий Низомлар томонидан, командирлар (бошлиқлар) буйруқлари билан белгиланган тартиб ва қоидаларга қатъий ва аниқ риоя этилишидир.
Ҳарбий интизом ҳар бир ҳарбий хизматчининг Ўзбекистон Республикаси суверенитетини ҳимоя қилишга бўлган ҳарбий ва фуқаролик бурчи, шахсий масъулияти, ўз халқига мислсиз садоқатини ҳис қилишига асосланади.
Ҳарбий хизматчиларда юксак интизомни тарбиялашнинг асосий усули ишонтиришдир. Аммо ишонтириш ўз ҳарбий бурчига сидқидилдан ёндашмаганларга нисбатан мажбурий чоралар кўришни истисно этмайди.
Ҳарбий интизом ҳар бир ҳарбий хизматчидан қуйидагиларни талаб этади:
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига қатъий риоя қилиш, Ватанга қасамёдга содиқ бўлиш;
ўз ҳарбий бурчини моҳирлик ва жасорат билан бажариш, ҳарбий ишни виждонан ўрганиш, касбий маҳоратини ошириш, ҳарбий ва давлат мулкини асраш;
ҳарбий хизмат қийинчиликларини мардонавор енгиш, ҳарбий бурчини бажариш учун ўз жонини ҳам аямаслик;
сергак бўлиш, ҳарбий ва давлат сирларини қатъий сақлаш;
ҳарбий хизматчилар ўртасидаги умумҳарбий низомларда белгиланган ўзаро муносабатларни қўллаб-қувватлаш, аскарий биродарликни мустаҳкамлаш ва ўзаро ёрдам кўрсатиш;
командирларга (бошлиқларга) ва ўзаро ҳурмат кўрсатиш, ҳарбийча салом-алик ва хушфеъллик қоидаларига риоя қилиш;
жамоат жойларида ўзини муносиб тутиш, номуносиб хатти-ҳаракатлардан ўзини ва бошқаларни тийиб қолиш;
командирга (бошлиққа) ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш, юксак ҳарбий интизом ва ҳуқуқий тартиботни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш.
Юксак ҳарбий интизомга қуйидагилар орқали эришилади:
ҳарбий хизматчиларда юксак маънавий-руҳий ва жанговар фазилатларни ҳамда командирларига (бошлиқларига) онгли тарзда бўйсунишни шакллантириш;
ҳар бир ҳарбий хизматчининг ўз мажбуриятлари ва умумҳарбий низомлар талабларини бажаришга шахсий масъулияти;
ҳарбий бўлинмада ички тартибни сақлаш, барча ҳарбий хизматчиларнинг кун тартиби ва хизмат вақти регламентига қатъий риоя қилиши;
жанговар тайёргарликни пухта ташкил этиш ва у билан бутун шахсий таркибнинг қамраб олиниши;
командирларнинг (бошлиқларнинг) ўз бўйсунувчиларга шахсий намуналиги ва кундалик талабчанлиги ва уларнинг ижрочилигини назорат қилиши, ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқлари ва шаънини ҳурмат қилиш, улар ҳақида доимий қайғуриш, ишонтириш, мажбурлаш, жамоатчилик таъсири каби омилларни тўғри уйғунлаштириш ва ўрнида қўллаш;
ҳарбий бўлинмада зарур моддий ва ижтимоий-маиший шароитларни яратиш.
Ҳарбий бўлинмадаги ҳарбий интизом ҳолатига барча поғонадаги командирлар (бошлиқлар) ва уларнинг ўринбосарлари жавобгардир, улар доимо юксак ҳарбий интизомни сақлашга, ўз бўйсунувчилардан унга риоя қилишни талаб этишга, муносибларни тақдирлаб, лаёқатсизларга қаттиққўл бўлиши, лекин адолатли таъзир чораларини қўллашга мажбурдирлар.
Ҳарбий қисмда (муассасада) юксак ҳарбий интизомни сақлаш мақсадида командир (бошлиқ) қуйидагиларга мажбурдир:
бўйсунувчиларнинг шахсий фазилатларини ўрганиш, улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни умумҳарбий низомларда кўрсатилган қоидалар асосида сақлаш, ҳарбий жамоани жипслаштириш, ҳарбий хизматчилар ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш;
ҳарбий интизомнинг асл ҳолати ва шахсий таркибнинг маънавий-руҳий ҳолатини билиш, бўйсунувчиларнинг командирлар (бошлиқлар) талаби ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш бўйича вазифа ва усулларини якдил англаб етишларига эришиш, уларнинг шахсий таркибни маънавий-руҳий ҳолатини мустаҳкамлаш ва юксалтириш бўйича фаолиятига раҳбарлик қилиш рағбатлантириш ва интизомий таъзир чораларини қўллаш амалиётига ўргатиш;
ҳуқуқий тарғибот ишларини ташкиллаштириш, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, ҳарбий хизматни ўташ учун хавфсиз шароитларни таъминлаш, кўнгилсиз ҳодисалар ва турли салбий ҳолатларга йўл қўймасликка қаратилган ишларни олиб бориш;
хизматни ўташ қоидаларининг бузилиши аниқланган ҳолатларни зудлик билан бартараф этиш, ҳарбий бўлинманинг жанговар ҳолатига рахна солувчи ҳар қандай хатти-ҳаракатнинг қатъий тарзда олдини олиш;
бўйсунувчиларни ҳарбий интизом талабларини сўзсиз бажариш ва юксак ижрочилик руҳида тарбиялаш, уларда шахсий ғурур, ҳарбий шаън ва ҳарбий бурч туйғусини ўстириш ва қўллаб-қувватлаш, ҳарбий жамоада ҳарбий интизом бузилиши ва ижтимоий адолатсизлик ҳолатларига муросасизлик кайфиятини яратиш ва бунда ошкораликдан кенг фойдаланиш;
бўйсунувчиларнинг маънавий-руҳий ҳолати ва ҳарбий интизомни мунтазам таҳлил қилиб бориш, ўз вақтида ва холислик билан бу ҳақда ўзидан юқори турувчи командирга (бошлиққа) ҳисобот бериш, жиноят ва ҳодисалар тўғрисида эса зудлик билан хабар бериш.
Ҳарбий хизматчиларнинг шахсияти, шаъни ва ғурурини ҳурмат қилиш, уларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси тўғрисида қайғуриш командир (бошлиқ)нинг муҳим мажбуриятидир.
Командир (бошлиқ) ўз бўйсунувчиларга ғамхўрлик қилишга, уларнинг талаб ва эҳтиёжларини билишга ва унинг қондирилишига эришишга, бўйсунувчиларининг шахсий ғурури топталишига ва уларга нисбатан қўполликка йўл қўймаслиги, уларга доимо қонун, умумҳарбий низом ва буйруқларни қатъий бажаришда намуна бўлиши, ахлоқий покизалик, камтарлик ва адолатлиликда ўрнак бўлишга мажбурдир.
Ҳар бир ҳарбий хизматчи ўзининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишига тўла ишониши, командир (бошлиқ) томонидан унинг шахсий дахлсизлигини таъминланиши, ўз шаъни ва ғурурининг ҳурмат қилинишига ғамхўрликни ҳис қилиши керак.
Командирнинг (бошлиқнинг) ҳарбий интизомни таъминлаш борасидаги фаолияти уларнинг қонунлар ва умумҳарбий низомларга риоя қилиши, ўзининг интизомий ҳокимиятидан қонуний фойдаланиши ва тартиб ўрнатиш учун ўз вазифасини бажариши ҳамда ҳарбий интизом бузилишининг ўз вақтида олдини олиши билан баҳоланади.
Ҳарбий интизом бузилиши ҳолати, жиноят ва бошқа ҳуқуқбузарликларни яширишга йўл қўйган, низомий тартиб ва ҳарбий интизом талабларига риоя қилиниши учун зарур шарт-шароитларни таъминламаган, уларни тиклаш учун чоралар кўрмаган командир (бошлиқ) қонунда белгиланган жавобгарликка тортилади.
Бирор бир ҳуқуқбузар кимса жавобгарликдан бўйин товламаслиги ва айбсиз бирор кимса ноҳақ жазога тортилмаслиги керак.
Бўйсунувчиларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳуқуқбузарлиги ҳамда командирнинг (бошлиқнинг) бевосита фаолиятининг натижаси бўлмаган ёки уларни олдини олиш бўйича чора кўрмаганлиги учун у жавобгар бўлмайди.
Яккабошчиликнинг асосий принципи командирнинг (бошлиқнинг) буйруқ бериш ҳуқуқи ва уни бўйсунувчиларнинг сўзсиз бажариши ҳисобланади.
Командирга (бошлиққа) очиқчасига бўйсунмаслик ёки қаршилик кўрсатиш ҳоллари юз берганида, тартиб ва интизом ўрнатиш учун у айбдорни қонун ва умумҳарбий низом доирасида барча мажбурлаш чораларини қўллаши, ҳатто уни жиноий жавобгарликка тортиши мумкин. Бундай ҳолда қуролни қўллаш жанговар вазиятда ҳам тинчлик даврида ҳам қонунларда белгиланган тартибда истисно тарзда, ноиложлик шароитида амалга оширилиши мумкин.
Командирларнинг (бошлиқларнинг) интизомий ҳуқуқлари штат бўйича эгаллаб турган ёки вақтинча бажариб келаётган лавозимига (мажбуриятига) мувофиқ белгиланади.
Командир (бошлиқ) ўз лавозимига киришган вақтдан бошлаб, ушбу лавозимни доимий ёки вақтинча бажаришидан қатъий назар эгаллаб турган лавозими бўйича (хизмат мавқеига мувофиқ) интизомий ҳокимиятга эга бўлади ва ушбу ҳокимиятдан тегишли буйруққа асосан иш лавозимини (мажбуриятларини) топширгунига ёки лавозимдан озод қилингунга (четлатилгунга) қадар фойдаланади.
Ҳар бир командир (бошлиқ) ўзига берилган ваколати доирасида мустақил равишда ўз бўйсунувчиларига нисбатан қонунларда ва ушбу низомда белгиланган рағбатлантириш ва интизомий таъзирларни қўллаш ҳуқуқига эга.
Кичик лавозимдаги командирларга (бошлиқларга) берилган интизомий ҳокимият ҳар доим катта командирларга (бошлиқларга) ҳам тааллуқлидир.
Бўлинма, ҳарбий қисм ва бирлашма командирларининг ўринбосарлари ўз бўйсунувчиларга нисбатан интизомий ҳукм ўтказишда бевосита бошлиқларига нисбатан бир поғона паст ҳокимиятга эгадирлар.
Командирлар (бошлиқлар) фақат уларга берилган ваколат доирасида ҳамда фақат тааллуқли бўлган ҳарбий хизматчиларга нисбатан эгаллаб турган лавозими бўйича интизомий ҳокимиятдан фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Командирлар (бошлиқлар) бошқа бирор-бир рағбатлантириш ёки интизомий таъзир чораларини белгилаш шунингдек, уларни қўллаш бўйича белгиланган тартибни ўзгартириш ҳуқуқига эга эмас.
Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири ҳарбий хизматчилар ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервида бўлган ҳарбий хизматга мажбурларга нисбатан, тегишли вазирликлар раҳбарлари эса ўзларига бўйсунувчи қўшинларнинг ҳарбий хизматчиларига нисбатан Низомда кўрсатилган интизомий таъзирларни тўла қўллаш ҳуқуқига эгадирлар, эгаллаб турган лавозимда ёки ҳарбий унвонда бир поғона пасайтириш, ҳарбий хизматчи деган унвонни обрўсизлантирадиган хатти-ҳаракат солдир этгани учун ҳарбий хизматдан бўшатиш тўғрисида қарор Ўзбекистон Республикаси Президенти – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони томонидан қабул қилиш ҳолатлар бундан мустасно.
Олий ҳарбий таълим муассасалари бошлиқлари ўзига бўйсунувчи шахсларга нисбатан бирлашма командирининг интизомий ҳокимиятидан фойдаланадилар.
Олий ҳарбий таълим муассасалари курсантларига нисбатан рағбатлантиришлар ва интизомий таъзирлар контракт бўйича ҳарбий хизмат ўтаётган сержант ва оддий аскарлар таркибига мансубдагилар каби қўлланилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Олий Бош Қўмондони Низомдаги интизомий ҳокимиятга тўлалигича эга.
Мавзуга оид
17:58 / 14.01.2025
Миллий армиямиз ёшлар учун мардлик ва шон-шараф мактабига айланмоқда — Мирзиёев
23:01 / 26.02.2024
Қўшинларни бошқаришнинг автоматлаштирилган тизимлари жорий этилади
20:16 / 13.01.2024
Президент Қуролли Кучлар ташкил этилганининг 32 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади
19:56 / 02.01.2024