Жамият | 19:31 / 12.11.2019
5490
2 дақиқада ўқилади

Наманганда Hugo Boss компанияси билан ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 7 ноябрь куни Германиянинг Hugo Boss компанияси вакилларини қабул қилди. Константин Соер ҳамда Семиҳ Демир вилоят ҳокими билан бўлган учрашувда Наманган шаҳридаги текстиль корхонаси билан ҳамкорликда ушбу бренд маҳсулотларини Наманганда тайёрлаш бўйича музокаралар олиб борилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда Наманган шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Хайрулло Бозоров биргина Наманган шаҳрининг ўзидан 1,5 мингдан ортиқ тикувчилик корхонаси фаолият олиб бораётгани, пахтачилик бугунги кунда 85 фоиз кластерларга ўтказилгани, келгуси йилдан бу кўрсаткич 100 фоизга етишинини таъкидлади. Ҳозирги кунга қадар асосий экспорт МДҲ мамлакатлари бозорига йўналтирилганини айтиб ўтган вилоят ҳокими сўнгги йилларда янги бозорлар ҳам кашф этилаётганини, «Чуст текстиль» корхонаси Португалия ва АҚШга, «Ифтихор кийим саноат» эса Германия бозорига кириб борганини маълум қилди.

Компания вакиллари бугунги кунда Намангандаги «Люкс плюс сервис» МЧЖ билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани, бироқ бўлажак ишлаб чиқариш учун қўшимча ер майдони масаласида кўмак кераклигини билдирди. Вилоят ҳокими бу масала албатта ечим топишини таъкидлади.

Учрашувда Наманган шаҳар ҳокими Шавкатжон Абдураззақов, «Люкс плюс сервис» МЧЖ директор маслаҳатчиси Неъматжон Фатҳиддинов иштирок этди.

Мавзуга оид