Ўзбекистон | 11:24 / 12.11.2019
3537
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатаси фаолияти йўлга қўйилади

Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасини ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг “Низоларни судгача ҳал этишнинг самарали механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган.

Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Республикасидаги барча ҳакамлик судьяларининг аъзолигига асосланган Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасини ташкил этиш ҳақидаги таклифи маъқулланиши мумкин.

Қуйидагилар Ўзбекистон ҳакамлик судьялари палатасининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари ҳисобланади:

ҳакамлик судьялари фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда уларнинг касбий тайёргарлиги ва малака оширишини ташкил этиш;

доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судьялари томонидан ишларнинг кўрилиши ҳамда ҳакамлик судларининг даврий ҳисобдорлигини мониторинг қилиш;

ҳакамлик судьяларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан муносабатларда, шунингдек судда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;

ҳакамлик судлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳакамлик судьялари томонидан кўрилган ишлар ҳақидаги маълумотларни тўплаш, ҳакамлик суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш;

ҳакамлик суд ишлари юритишни оммалаштириш, хорижий давлатлар ҳакамлик судлари билан маълумотлар алмашиш, халқаро ҳамкорликни такомиллаштириш, ушбу соҳада ривожланган халқаро тажрибани ўрганиш ва уларни Ўзбекистонда татбиқ этиш борасида кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда ҳакамлик суд ишларини юритиш бўйича бошқа органлар билан ўзаро ҳамкорлик ва маълумот алмашинувини йўлга қўйиш;

ҳакамлик судлари фаолияти ва ҳакамлик суд ишларини юритишдаги долзарб масалалар бўйича семинарлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш.

Белгиланишича, 2020 йил 1 апрелдан:

ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий маълумотга эга бўлган, низоларни холис ҳал қилиниши таъминлашга қодир бўлган, низонинг пировард натижасидан бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлмаган, ҳакамлик келишуви тарафларидан мустақил бўлган ҳамда ҳакамлик судьясининг мажбуриятларини бажаришга розилик берган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳакамлик судьяси бўлиб сайланиши (тайинланиши) мумкин;

доимий фаолият юритувчи ҳакамлик судларининг мазкур мутахассислик бўйича уч йиллик иш стажига эга бўлган олий юридик маълумотли ходимлари белгиланган стажировкани ўташдан озод қилинган ҳолда адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун малака имтиҳонида талабгор сифатида иштирок этишга ҳақли;

ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахснинг илтимосига асосан бевосита ҳакамлик суди томонидан ҳам берилади;

ҳакамлик суди қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза билан ваколатли судга мурожаат қилинганда белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи тўланади;

ҳакамлик суди мажлислари тарафларнинг илтимосига кўра видеоконференция режимида ўтказилиши мумкин.

2020 йил 1 июлдан низоларни медиация орқали ҳал этиш чораларини кўрган тарафларга қуйидаги имтиёзлар тақдим этилади:

судларда иш юритиш жараёнида тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса, тўланган давлат божи:

биринчи инстанция судида 100 фоиз миқдорда;

апелляция инстанцияси судида 75 фоиз миқдорда;

кассация инстанцияси судида 50 фоиз миқдорда тегишли тарафга қайтарилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид