Ўзбекистон | 22:30 / 14.11.2019
19726
2 дақиқада ўқилади

ЎзХДП «Миллий тикланиш» газетаси устидан прокуратурага мурожаат қилди

Фото: ЎзА

ЎзХДП Марказий Кенгаши Мақсуда Ворисованинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилишни сўраб, Юнусобод туман прокуратурасига мурожаат йўллади. Бу ҳақда партия баёнотида айтилмоқда.

«Миллий тикланиш демократик партияси расмий нашри «Миллий тикланиш» газетасининг 2019 йил 1 ноябрдаги 39-40 (1038)-сони 10-саҳифасида «ЎзХДП аъзоси Мақсуда Ворисованинг Россия коммунистлар партияси етакчиси Геннадий Зюгановга қандай «қариндош»лиги бор»лиги ҳақида ясама суратли анонс чоп этилган эди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши Мақсуда Ворисованинг шаъни ва қадр-қимматини қонунчиликка мувофиқ ҳимоя қилишни сўраб, тегишли тартибда Юнусобод туман прокуратурасига мурожаат йўллади», дейилади баёнотда.

ЎзХДПнинг қайд этишича, Миллий тикланиш партияси марказий аппарати раҳбар ходимлари ушбу партия миллий қадрият ва анъаналарни юксак даражада қадрлаши ва ҳимоя қилиши ҳақида кўп гапиради. Партиянинг дастурий ҳужжатларида бу йўналишда қатор ғоя ва таклифлар, шиорлар илгари суриб келинади.

«Шунга қарамай, Миллий тикланиш партияси ўз ғояларига қарши равишда, халқимиз юксак даражада қадрлайдиган аёл, она шаънини писанд қилмаётгани бизда таассуф уйғотади», дейилган баёнотда.  

Мавзуга оид