Ўзбекистон | 11:17 / 14.11.2019
4362
3 дақиқада ўқилади

Тўқимачилик саноати ходимлари куни белгиланади ва кўкрак нишони таъсис этилади

Ўзбекистонда тўқимачилик саноати ходимлари куни белгиланади ва "Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноати фахрий ходими” кўкрак нишони таъсис этилади.

Тегишли қонун лойиҳаси ва Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида эълон қилинди.

Ҳужжатга кўра, июнь ойининг иккинчи якшанбаси “Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноати ходимлари куни” этиб белгиланиши кутиляпти.

Шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноати фахрий ходими” кўкрак нишони таъсис этилади. Кўкрак нишони билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида фидокорона меҳнат қилган ҳамда соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган ходимлар тақдирланади. Кўкрак нишони билан Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлмаган шахслар ҳам тақдирланиши мумкин.

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари ходимларини кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича таклифларни ҳар йили 10 апрелга қадар белгиланган тартибда кўриб чиқади. Тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасида эришган муваффақиятлари учун кўкрак нишони билан тақдирлаш бўйича номзодлар рўйхати корхона раҳбарлари таклифлари асосида шакллантирилади.

Уюшма томонидан кўкрак нишони билан тақдирлашга оид таклифларни кўриб чиқиш бўйича Комиссия ташкил этилади. Комиссия йиғилишида номзодлар бўйича ҳужжатлар ўрганилиб, ҳар йили 20 майга қадар энг муносиб номзодлар бўйича якуний хулоса қабул қилинади.

Комиссия хулосаси асосида Уюшма раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи ҳар йили 1 июлга қадар чиқарилади. Кўкрак нишони ҳар йили “Ўзбекистон Республикаси тўқимачилик саноати ходимлари куни” байрами арафасида Уюшма раиси (ёки унинг топшириғига биноан бошқа масъул шахслар) томонидан тантанали вазиятда топширилади.

Кўкрак нишони билан тақдирланганлар рўйхати Уюшманинг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайти ва бошқа ахборот воситаларида эълон қилинади.

Кўкрак нишони билан мукофотланган шахсларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг ўн баравари миқдорида бир йўла тўланадиган пул мукофоти берилади. Бир йўла тўланадиган пул мукофотлари Уюшма маблағлари ҳисобидан тўланади.

Бир шахс кўкрак нишони билан бир марта мукофотланади. Кўкрак нишони давлат мукофотларидан кейин кўкракнинг чап томонига тақилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид