Ўзбекистон | 13:01 / 15.11.2019
42689
2 дақиқада ўқилади

Депутатликка номзодларнинг мутахассислиги, маълумоти ва ёши очиқланди  

Фото: KUN.UZ

Бугун, 15 ноябрь куни, Марказий сайлов комиссияси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутатлигига партиялардан кўрсатилган номзодларни расман рўйхатга олди. Бу ҳақда Қонунчилик палатаси сайловларини ёритиш бўйича Халқаро Матбуот маркази хабар бермоқда.

Қайд этилишича, номзодлар қўйилган сайлов округлари сони 750тани ташкил этади. Қонунчилик палатаси депутатлигига янгидан номзод этиб қўйилганлар сонида 440 нафарини эркаклар (58,7 фоиз) ва 310 нафарини аёллардир (41,3 фоиз). Депутатликка қайтадан номзод этиб қўйилганлар сони - 37 нафари эркаклар (4,9 фоиз), 6 нафари аёл (0,8 фоиз).

Шунингдек, депутатликка номзодларнинг энг кўпи педагог мутахассислигига эга - 223 нафар. Иқтисодчилар 143 нафар, шифокорлар 93 нафарга тенг. Кейинги ўринлардан муҳандислар (65), ҳуқуқшунослар (52), агрономлар (30), журналистлар (24), тадбиркорлар (18), файласуфлар (8), сиёсатшунослар (3) ва бошқалар (91) жой олди.

Бундан ташқари, номзодларнинг 687 нафари ўзбеклар, 25 нафари қорақалпоқлар, 13 нафари тожиклар, 7 нафари руслар, 6 нафари қозоқлар, 4 нафари корейслар, 3 нафари қирғизлар, 2 нафари татарлар ва 3 нафари бошқа миллат вакилларидир.

Номзодлар орасида 22 нафар фан доктори бор. Фан номзодига эга бўлган номзодлар сони 52 нафарга тенг, олий маълумотлилар сони - 750 нафар. 

Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодларнинг 341 нафари (45,5 фоиз) 41-50 ёшдагилар бўлса, 227 нафари (30,3 фоиз) - 31-40 ёшдагилар, 156 нафари (20,8 фоиз) 51-60 ёшдагилар, 14 нафари (1,9 фоиз) 25-30 ёшдагилар ҳамда 12 нафари (1,6 фоиз) 60 ёшдан катталардир. 

 

Мавзуга оид