Ўзбекистон | 17:22 / 18.11.2019
16184
2 дақиқада ўқилади

«Ўзгидромет» 2019 йил кузининг агрометеорологик шароитлари шарҳини эълон қилди

Фото: KUN.UZ

2019 йил сентябрь-октябрь ойларида экилган ҳосилнинг етилиши ва уни йиғиб олиш учун жуда қулай шароитлар юзага келди, деб ёзмоқда «Ўзгидромет».

Қайд этилишича, жорий йил куз об-ҳавосининг илк белгилари жуда кеч — ноябрь бошларида намоён бўлди.

Биринчи кузги аёзлар республиканинг катта қисмида 6-7 ноябрда, Қорақалпоғистонда октябрнинг охирида кузатилди. Бироқ кундузи ҳарорат 13-18 даражагача, айрим кунларда ҳатто 20-25 даражагача кўтарилди.

Ноябрнинг ўтган қисми асосан ёғингарчиликсиз бўлди. Фақат ноябрнинг биринчи беш кунлигида республиканинг айрим жойларида ёғингарчилик бўлди — асосан ёмғир кўринишида, фақат республиканинг тоғли туманлари ва Қорақалпоғистон шимолида биринчи қор ёққани қайд этилди.

Ноябрь ойининг ўтган давридаги агрометеорологик шароитлар ҳосилни йиғиб олиш учун қулай келган. Қулай ҳарорат ва кузги буғдойнинг ўз вақтида суғорилиши уларнинг бир текис униб чиқиши ва ривожланишини таъминлаган. Чўл яйловларида қуруқ об-ҳаво туфайли яйлов ўсимликларининг кузги ривожланиши кузатилмаган.

21-24 ноябрда Ўзбекистон ҳудудига совуқ ва нам ҳаво оқими кириб келади. Вақти-вақти билан ёғингарчилик бўлади (ёмғир, айрим жойларда қорга айланади). Республика ҳудуди бўйича ҳаво ҳарорати кечаси 0-5 даража совуқ, айрим жойларда 8 даража совуққача тушади, кундузи ҳарорат 2 даража совуқдан 3 даража илиққача бўлади. Мамлакат шимолида ҳарорат кечаси 10-15 даража совуқ, кундузи 2-7 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.

Кутилаётган агрометеорологик шароитлар мевали ўсимликлар, узум, тут дарахтларининг уйқуга кетишини таъминлайди, кузги буғдой вегетациясини якунлайди, дейилади маълумотда. 

Мавзуга оид