18:20 / 22.11.2019
2
13445

2020 йилги давлат бюджетида депутатларнинг қайси таклифлари инобатга олинди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 ноябрдаги ялпи мажлисида ҳукумат томонидан тақдим этилган «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳаси қабул қилинди. Энди у Сенат томонидан кўриб чиқилади.

Мамлакат тарихида илк марта парламент томонидан қабул қилинган Давлат бюджети лойиҳасига депутатлар томонидан қандай ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди? Қуйида уларнинг энг асосийларига тўхталиб ўтамиз.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Абдурашид Абдуқодировнинг таклифи билан қуйидагилар қонун лойиҳасида ўз аксини топди:

– вазирлик ва идораларнинг бюджетдан ташқари жамғармаларини ҳам «Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун билан тасдиқлаш ва қонун ижроси юзасидан парламент назоратини ўрнатиш, қонун ижросини таъминлашга қаратилган Президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиб, қабул қилиш;

– олий таълим муассасаларининг илмий салоҳиятини ошириш мақсадида бюджетдан қўшимча равишда 500та докторантура ва шогирд-тадқиқотчиликка қабул квоталари ажратиш;

– давлат олий таълим муассасалари молиявий аҳволини яхшилаш мақсадида ягона ижтимоий тўлов ставкасини 25 фоиздан 12 фоизга тушириш ва қонун ижросини таъминлашга қаратилган Президент қарорини қабул қилиш;

– умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун қўшимча 50 млрд сўм ажратиш;

– 2020 йилда прогноз кўрсаткичларидан ортиқча маблағларни биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техник базасини яхшилашга йўналтириш.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Комилжон Эрназаровнинг қуйидаги таклифлари инобатга олинди:

– юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи тушумларининг 50 фоизини маҳаллий бюджетларга ўтказиш ва бунда бюджет даромадлари базаси катта бўлгани сабабли фойда солиғининг 5 фоизини Тошкент шаҳрида, 10 фоизи Тошкент вилоятида қолдириш;

– Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили – Омбудсманга берилиши кўзда тутилган маблағларни Қонунчилик палатасидан ажратган ҳолда алоҳида тасдиқлаш.

Халқ демократик партиясининг фракцияси аъзоси, депутат Феруза Эшматова таклифи билан аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадида маҳаллий бюджет даромадларининг прогнози 5 фоиздан ортиқ бажарилмаган тақдирда харажатларни қоплаш учун Вазирлар Маҳкамасига бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш масаласида, туманлар эса вилоятга шу тартибда мурожаат киритиб ҳал этиш мумкинлиги белгиланди.

«Адолат» социал-демократик партиясининг фракцияси аъзоси, депутат Мақсуд Қурбонбоевнинг ташаббуси билан давлат мақсадли жамғармалари ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси харажатларини 3 фоизгача Вазирлар Маҳкамаси томонидан, 3 фоиздан ортиғини парламент рухсати билан ошириш тартиби киритилди.

«Адолат» социал-демократик партиясининг фракцияси аъзоси, депутат Улуғбек Саматов маҳаллий бюджетларнинг вақтинча бўш турган маблағларини Молия вазирлиги орқали тижорат банкларининг депозитларига жойлаштириш орқали қўшимча даромад олишга имконият яратишни таклиф қилди ва у инобатга олинди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси, депутат Расул Кушербоев шу кунга қадар республикада жами умумтаълим мактабларининг 31 фоизи оптик толали алоқаси билан таъминланган бўлиб, 2020 йилда буни 100 фоизга етказиш талаби билан чиқди. Халқ таълими, Молия ва АКТ вазирликлари депутатнинг сўровига муносабат билдириб, келгуси йил охиригача бу иш охирига етказилишига ваъда беришди.

Ушбу ўзгартириш ва қўшимчалар асосида Давлат бюджети лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди. Қонун лойиҳаси билан бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужатларга ўзгартириш киритилиши кутилмоқда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top