07:50 / 26.11.2019
2
5869

Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссия чақириқ билан чиқди 

Foto: Shutterstock

25 ноябрь – Халқаро хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш учун курашиш куни. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси жамиятда бундай иллатнинг барча кўринишларига қарши курашиш учун сиёсий ирода ва ресурсларни сафарбар этишга чақирди.

Комиссиянинг қайд этишича, гендер камситиш билан боғлиқ зўравонлик инсон ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир, айнан шу сабабли жамиятнинг муросасизлиги бу иллат тарқалишига қарши асосий тўсиқ бўлиши керак. Бундан ташқари, хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳимоясининг қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ҳам ўта муҳим аҳамият касб этади.  

Бу йўналишда мамлакатда жиддий қадамлар ташланди. Жорий йилда Олий Мажлис Сенати томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи 2 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат – “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар маъқулланди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Олий Мажлис Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси фаолият бошлади. Буларнинг барчаси опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлашга давлат даражасида эътибор қаратилаётганидан дарак беради.

“Бироқ, бу борада давлат органлари ва ташкилотларининг саъй-ҳаракатигина етарли эмас. Аҳоли барча қатламларининг ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш, хотин-қизларга нисбатан юзага келган стереотипларни ўзгартириш учун жамиятнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш ва, албатта, республикада қабул қилинган қонун ҳужжатларни амалда рўёбга чиқариш бўйича кенг кўламли иш олиб бориш зарур.

Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси бу борада жаҳон ҳамжамияти билан ҳамфикрлигини ва хотин-қизларга нисбатан зўравонлик ҳолларига тўлиқ барҳам бериш мақсадларига содиқлигини билдиради”, - дейилади комиссия маълумотида.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top