Жамият | 15:10 / 27.11.2019
24950
5 дақиқада ўқилади

Наманган шаҳридаги «Тез тиббий ёрдам» бўлимига тез ёрдам керак

Kun.uz сайтига юборилган мурожаатдаги суратларни кўриб биз ҳам аввалига ишонмаган эдик.

Бориб кўрдик. Ҳақиқатан Наманган шаҳридаги 2-кичик даҳада фаолият юритаётган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали «Тез тиббий ёрдам» кичик туман шохобчасида ҳолат ачинарли экан.

150 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи муассасада 120 нафар тиббиёт ходимлари ҳамда 32 нафар ҳайдовчи иш олиб боради.

Бино ичидаги манзарани сўз билан ифода қилиш қийин.

Деярли барча хоналар томидан чакка ўтиб кетган. Деворлар тўкилиб ётибди. Дам олиш хоналаридаги ётоқ анжомлари эски, кир ва йиртилиб кетиш арафасида. Ичимлик суви йўқ. Муолажадан келиб шифокорларнинг қўл ювиши ҳам муаммо. Иссиқ сув ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ. Антисанитариянинг энг ёмон кўриниши. Аҳолига ўрнак бўлиши керак бўлган тиббиёт ташкилоти ҳожатхонаси ўта ачинарли ҳолатда.

Сув йўқ экан. Йўлаклар, ошхонадаги ҳолат кишининг раҳмини келтиради. Чакка ўтаверганидан барча хоналарнинг шифтлари қорайиб, моғор босиб кетибди. Тиббиёт ташкилоти покизаликда ўрнак бўлиши лозим. Муассасада эса бунинг тескариси.

 Бинони кўздан кечиргач, бу жойда ишлаётган тиббиёт ходимларининг матонати ва сабрига қойил қолмай иложимиз қолмади. Шифокорлар «Тез ёрдам»га сўнгги марта қачон анжомлар берилганини унутиб юборишган.

 «Муассасамиз ўн йилдан бери мана шу жойда фаолият юритади. Бинонинг аҳволи бундан ҳам баттарроқ эди. Ўзимизнинг маошимиздан пул йиғиб «ремонт» қилавериб, охири зерикдик. Ёмғир ёғган куни томдан челаклаб чакка оқади. Қишда совуқ, ёзда иссиққа чидаш қийин. Ҳолат бўйича неча марта юқори ташкилотимизга аризалар билан чиқдик.

 Фойдаси бўлмади. Кимга мурожаат қилишни ҳам билмаяпмиз. Президентимизнинг кўплаб қарорлари чиқяпти. Вилоят марказида ҳар йили «ремонт». Бизга эса «иложисини қилиб туринглар», дейишади. «Бино балансимизда эмас», дейишди. Мана шу шароитда ишлаб юрибмиз. Атрофимизда меҳмонхоналар кўп. Муолажа хонаси йўқ. Қўққис оғриб қолган чет эллик меҳмонлар ҳам келади. Иложини қилиб «Ўқув хонаси»да қабул қиламиз. Улар ва бошқа беморлар ҳам шароитни кўриб ҳайрон бўлишади.

 Бизга янги бино керак. Ахир етарли шароит қилиб беришса сўнг ишимизда самара бўлади-ку? Айтиб ўтиш лозим – дори-дармонлардан камчилигимиз йўқ», дейди шифокор Ҳусниддин Ҳамроқулов. Бошқа шифокорлар Манзурахон Зоҳидова, Абдулазиз Собиров ва Муқимахон Ибрагимова унинг сўзларини тасдиқлашди.

 Шохобчада 8та автомашина бор экан. Барчаси янги ва ишга яроқли.

 Шифохонага тезда вилоят ва шаҳар тиббиёт раҳбарлари етиб келишди.

 Наманган шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бошлиғи Одилжон Норбўтаевдан ҳолат юзасидан изоҳ олдик.

 «Мазкур республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали Тез тиббий ёрдам «Кичик туман» шохобчаси «снос»га тушган. Шохобча ёнидаги 1-шаҳар шифохонаси биносида реконструкция ишлари кетяпти. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари қурилиш ишлари якунланиши билан шифохона «неврология» бўлимининг 1-қаватидан 8-10та хона «Тез тиббий ёрдам» шохобчасига берилиши бўйича ваъда қилишган. Қўшни муассаса биносидаги реконструкция ишлари 2020 йил ўрталаригача якунига етади. Шохобча биносидаги муаммоли ҳолатдан хабардорман. Ёмғир ёққанида чакка ўтишининг олдини олиш учун томни таъмирлаб кўрдик. Лекин бинонинг том қисми бутунлай алмаштирилмаса муаммо ҳал бўлмас экан. Бинони таъмирлаш катта маблағ талаб қилади. Шохобча учун бошқа бино топа олмадик. Мазкур бинода ишлаётганларнинг қийинчиликларидан хабардормиз. Иложи бўлса 2020 йил ўртасигача шохобчани бу ердан кўчириб кетиш ҳаракатини қиламиз», дейди мутасадди.

 Шундан сўнг Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали бошлиғи, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутасаддилари билан шохобча ёнидаги 1-шаҳар шифохонаси биносининг «Неврология» бўлимини бориб кўрдик. Бу масканда қурилиш ишлари бормоқда.

 Айни пайтда шохобча афтодаҳол шароитда фаолият юритмоқда. 2020 йил ўрталаригача ҳали анча вақт бор. Мутасаддилар шохобча тиббиёт ходимлари қиш кунлари қийинчиликда қолмаслиги учун иложи бўлса бўш бино топиб, кўчиришларини айтишди.

 Чунки, Наманган шаҳри марказида жойлашган, 150 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи «Тез тиббий ёрдам» муассасаси ходимлари беморларга сифатли хизмат кўрсатиши учун оддийгина шарт-шароитларга лойиқ...

Журналист Элмурод Эрматов,
Тасвирчи Аҳрорбек Ёқубжонов

Наманган

Мавзуга оид