22:20 / 01.12.2019
2
45946

Грузияга саёҳат: мезбонидан меҳмони бисёр юрт

Баъзи давлатларга пурвиқор тоғларни кўриш учун, баъзиларига денгиз ҳавосидан баҳраманд бўлиш учун борилади. Айрим давлатлар ошхонаси билан сайёҳларни жалб қилса, айримлари тарихий ёдгорликлари билан машҳур. Буларнинг барчасидан бирваравайига баҳра олишни истаганлар эса Грузияни танлайди. Ҳа, Кавказ тоғлари билан ўралган, соҳилларини Қора денгиз ювиб турадиган Грузия сайёҳларни мафтун этиши билан ҳар қанча мақтанса арзийди.

Грузия анча узоқ ўтмишга эга. Эрамиздан 1,5 млн йил аввал ҳам бу ҳудудларда инсонлар яшагани қайд этилган. Мамлакат пойтахти Тбилиси шаҳрига асос солиниши (458 йил) ҳукмдор Вахтанг Горгасал I номи билан боғланади. Эмишки, ҳукмдор ов қилиб юрганда қирғовулни учратади ва уни нишонга олиб, яралайди. Ярадор қирғовул шу яқин атрофдаги булоққа учиб қўнади, унинг сувига кириб чиққанида ярадан асар ҳам қолмайди. Бу ажойиботга гувоҳ бўлган Вахтанг эса булоқ атрофида шаҳар бунёд этишни амр қилади. Бу шу ҳудудда Тбилиси (аввалги Тифлис ─ иссиқ сўзидан келиб чиққан) шаҳри бунёд этилишига сабаб бўлган олтингугуртли шифобахш булоқ эди.

Туристлар учун барча шароитлар мавжуд

Грузия аҳолиси 3 млн 800 мингга яқин кишини ташкил этади.

Ҳайратланарлиси, бу мамлакатга бир йилда ташриф буюрадиган сайёҳлар сони аҳолига қарганда кўп ─ нақ 5 млн! Мезбонидан меҳмони кўп юрт! Шунга яраша сайёҳлар учун керакли барча шароитлар, инфратузилма яратилган: деярли ҳар бир қадамда валюта айирбошлаш шохобчаси мавжуд, бунинг учун ҳеч қандай ҳужжат ҳам талаб этилмайди. Чўнтакка қараб одми ҳостелларни ҳам, ҳашамдор меҳмонхоналарни ҳам қийинчиликсиз топиш мумкин.

Байроқлар, черковлар, ҳайкаллар юрти

Грузия ҳам Ўзбекистон каби собиқ совет иттифоқи таркибида мустамлака бўлиб келган бўлса ҳам, ҳозирги кунда иқтисодий жиҳатдан ўзини анча тиклаб олган. Ялпи ички маҳсулот ҳажми 2019 йилда киши бошига 4469 АҚШ долларини ташкил этган. Кўпинча мамлакатдаги ички аҳвол ҳақида ёзғириб гапириб берадиган таксичиларни гапга солсангиз, унча жиддий сиёсий, иқтисодий муаммолар ҳақида гапиришмайди. Шунга қарамай, ҳукумат сиёсатига норозилик кайфиятини намойиш қилаётганлар ҳам топилади.

Шаҳар бўйлаб айланиб юрган сайёҳ бир фикрга келиши аниқ: Грузияда қаерга тош отманг ёки байроққа, ёки черковга, ёки ҳайкалга тегади.

Ҳақиқатан ҳам шаҳарларда мамлакат байроғини ҳар қадамда учратиш мумкин, ҳатто кўп қаватли уйларнинг деразаси олдида ҳам. Лекин гап бунда эмас. Қизиғи, деярли ҳамма жойда, ҳатто расмий давлат идораларида миллий байроқ билан бир қаторда Евроиттифоқ байроғини ҳам учратиш мумкин. Ваҳоланки, Грузия Евроиттифоқ аъзоси эмас.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, бу мамлакат расмий доирасининг Европа Иттифоқига киришга бўлган кучли иштиёқи билан боғлиқ.

Аҳолининг аксарият қисми насронийлик динига эътиқод қилгани боис черковларни жуда кўп учратиш мумкин. Уларнинг орасида милоддан аввалги асрларда қурилганлари ҳам, ўрта асрларга тааллуқли бўлганлари ҳам бор.

Аммо пойтахт Тбилисининг мусулмон аҳоли яшайдиган алоҳида қисми ҳам мавжуд. Бу архитектурада ҳам яққол намоён бўлади.

Шунингдек, ҳайкаллар ҳам жуда кўп. Санъат, адабиёт намояндаларига, афсонавий қаҳрамонларга, тарихда алоҳида из қолдирган ҳукмдорлар шарафига бунёд этилган ҳайкаллар атрофида сайёҳлар доим гавжум бўлади.

Маҳаллий аҳоли билан мулоқотга киришиш муаммо туғдирмайди, катта авлод вакиллари рус тилини, ёшлар эса инглиз тилини яхши билишади.

Ҳар бир шаҳри алоҳида тарих

Грузиянинг энг диққатга сазовор шаҳарлари Тбилиси, Сухуми, Батуми, Рустави, Кутаиси. Пойтахт Тбилисининг эски шаҳар қисмида тарихий ёдгорликлар бисёр бўлса, порт шаҳар ҳисобланган Батуми табиати билан диққатга сазовор.

Кура дарёси бўйида жойлашган (ҳозирги Гори шаҳри, бу ерда «халқлар отаси» Сталин туғилган) Уплисцихе қадимий шаҳар-қалъаси эса ҳақиқий тарихнинг бир бўлаги. Бу шаҳар қалъа эрамиздан аввалги иккинчи минг йилликда оташпарастлик даврида шаклланган бўлиб, Грузия маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади. Шаҳар 700дан зиёд ғорлардан иборат бўлган, ҳозирги кунга келиб, уларнинг 150тасигина сақланиб қолган. Мамлакат тарихида ўз адолатли сиёсати билан ўчмас из қолдирган малика Тамаранинг қароргоҳи ҳам ушбу қалъада жойлашган.

Хачапури диёри

Грузинча хачапурининг довруғи ҳақида эшитмаган одам кам топилса керак.Ўзимизнинг дўконларда, кафеларда тайёрланадиган хачапурининг пирожкидан унча фарқи йўқ. Таъми оғизда қоладиган хачапурини татиб кўриш учун Грузияга бориб келса арзийди.

Хачапури ─ пишлоқ, тухум солиб пишириладиган кулча. Уни таомга қўшимча сифатида ҳам, алоҳида ҳам тановул қилса бўлади. Хачапури Грузиянинг номоддий бойликлари қаторига киритилган.

Умуман олганда, грузин таомлари зираворларга жуда бой, ўткир таъмга эга, тўйимли. Аччиқ, шўр, нордон таъмлар яққол ажралиб туради. Мамлакат тоғли ва сувли бўлгани учун ҳавоси салқин, аҳоли аччиқ таъмларга ҳам яхши мослашган. Шу боис, зиравор солинмайдиган таомни топишнинг иложи йўқ.

Нафақат грузинларнинг севимли таоми, балки мамлакат ифтихорига айланган яна бир таом ─ хинкали. Кўринишидан ўзбекона мантини эслатади, лекин у буғда эмас, сувда қайнатиб пиширилади. Таомга ўзгача хуштаъмлик бахш этадиган жиҳат ─ ичида шўрваси сақланиб қолиши. Одатга кўра, хинкалини «думи»дан ушлаб, қўлда ейиш керак, шўрвасини эса тўкиб юбормаслик шарт.

Турли сабзавотлар ва грек ёнғоғи аралаштириладиган пхали, қаймоқли соусда тортиладиган товуқ ─ чкмерули, ўзбекларнинг маставасини эслатадиган хуштаъм шўрва ─ харчо, гўштхўрлар учун айни муддао бўлган чашушули ─ буларнинг барчаси грузин ошхонаси кўрки бўлиб, бир татиб кўргач, анчагача мазасини унута олмайсиз.

Грузияда ширинлик харид қилмоқчи бўлсангиз, сизга ҳеч иккиланмай чурчхелла харид қилишни таклиф этишади. Бу ипга терилган грек ёнғоғининг устидан турли мева шарбатини солиб, қуритиб тайёрланадиган ширинлик. Ҳам фойдали, ҳам мазали.

Грузияда гастротуризм яхшигина ривожланган, шу боис шаҳарнинг ҳар қадамида бир-бирини такрорламайдиган атмосферага эга ошхоналарни кўп учратиш мумкин. Энг муҳими, овқат нархлари ҳамёнбоп.

Умуман олганда, дам олишга қаерга борсам экан, деб бош қотирадиганлар учун Грузия жуда яхши танлов. Тбилиси ─ Тошкент йўналишида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилган, маблағ кўп кетмайди, бориш учун ортиқча ҳужжат (қизил паспорт, виза) ҳам талаб этилмайди.

Саодат Абдураҳмонова

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top