Ўзбекистон | 19:10 / 02.12.2019
2873
3 дақиқада ўқилади

Лувр музейида Ўзбекистон ҳақида кўргазма ўтказилади

2021 йилда жаҳоннинг энг йирик санъат муассасаларидан бири Лувр музейида (Париж) Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақида кўргазма ўтказилиши режалаштирилган. Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси мазкур кўргазма тафсилотлари хусусида Kun.uz’га маълумот берди.

«Буюк ипак йўлида цивилизация ва маданиятлар» номи остида йирик масштабда бўлиб ўтадиган кўргазма 2021 йил 21 октябрдан 2022 йил 7 февраль санасига қадар давом этади. Бунинг учун Лувр музейининг кўргазмалар залида 1200 метр квадрат майдон ажратилган бўлиб, бундай кўргазма Ўзбекистон тарихида илк марта кузатилмоқда. 

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси бўлим бошлиғи ўринбосари Шаҳноза Ишматованинг маълумот беришича, кўргазмада Ўзбекистон тарихи ва маданияти ҳақида ҳикоя қилувчи 310та экспонат намойиш этилади. Экспонатларнинг 250таси кўргазма учун реставрация қилинмоқда.

«Кўргазма билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун ўзбек, рус, француз олимларидан иборат илмий қўмита ташкил этилган. Қўмита ишчи гуруҳи таркибига Франц Грене, Франциз Ришар, Павел Луире каби жаҳонга машҳур маданият мутахассислари, соҳанинг маҳаллий вакилларидан Шокир Пидаев, Жангар Ильсов ҳам киритилган.

Қўмита кўргазмага қўйиладиган экспонатларни танлаш борасида муҳокама олиб бормоқда. Чунки бу кўргазма эрамиздан аввалги 5 асрдан тортиб, эрамизнинг 16 асригача бўлган Ўзбекистоннинг тарихий даврини жонлантириб бериши, Марказий Осиёнинг қадимги маданияти ҳақида сўзлаб бериши лозим», дейди мутахассис.

Ҳозирда кўргазмага қўйиладиган экспонатларни реставрация қилиш жараёни босқичма-босқич кечмоқда. Жорий йилнинг сентябрь ойида илк босқичи ўтказилган реставрация ишларини Лувр музейи ходимлари ва маҳаллий мутахассислар ҳамкорликда амалга оширишмоқда. Ҳозирга қадар Катта Лангар Қуръонининг 5та саҳифаси, Кофирқалъадан топилган куйган панно, Давлат санъат музейида сақланаётган ҳайкал муваффақиятли тарзда реставрация қилинган.

«Реставрация қилинмаган экспонатларни оммага кўрсатиб ҳам, суратга тушириб ҳам бўлмайди. Умуман олганда, қадимий экспонатлар ҳақиқий тарих ва маданият ҳақида тўлиқ маълумот етказиб бера олиши учун уларни тўғри парвариш қилиш талаб этилади. Шу боис реставрация кўргазмага тайёргарлик жараёнининг муҳим қисми ҳисобланади. Шунингдек, Луврда намойиш этиладиган экспонатлар ҳақида маълумотларни сақловчи алоҳида каталог ҳам ишлаб чиқилмоқда. Унда таниқли экспертларнинг ҳар бир экспонат тарихи, аҳамияти ҳақидаги изоҳлари, тезислари киритилади», дейди Шаҳноза Ишматова.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Буюк ипак йўлида цивилизация ва маданиятлар» кўргазмасида ҳали ҳеч қаерда намойиш этилмаган экспонат ─ Далварзинтепадан топилган, 36 кг соф олтиндан иборат хазина ҳам иштирок этади. 

Баён этилишича, экспонатларни ўраш, Парижга етказиш ва Ўзбекистонга қайтариб олиб келиш ─ логистика масалалари билан Лувр музейи ходимларидан иборат жамоа шуғулланади. Объектлар хавфсизлиги, шикастланмаслигини таъминлаш мақсадида уларнинг ҳар бири суғурталанади. 

Мавзуга оид