Ўзбекистон | 11:47 / 04.12.2019
11757
4 дақиқада ўқилади

Кимлар волонтёрлик фаолияти билан шуғулланиши мумкин?

Сенатнинг 24-ялпи мажлисида “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни сенаторлар томонидан маъқулланган эди. Давлат раҳбари мазкур Қонунни имзолади.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Жамшид Хўжаевнинг ёзишича, волонтёрлик фаолияти қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

кам таъминланганлар, ишсизлар, кўп болалилар, бошпанасизлар, қаровсиз қолганлар, шунингдек ижтимоий реабилитацияга муҳтож шахсларни қўллаб-қувватлаш мақсадида волонтёрлик ёрдами кўрсатиш;

беморлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғизлар, қариялар ҳамда ўзининг жисмоний, моддий ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли қўллаб-қувватлашга ва ёрдамга муҳтож бўлган шахсларни парваришлашни амалга ошириш;

табиий ёки техноген тусдаги фавқулодда вазият оқибатида, алоҳида режим, фавқулодда ҳолат жорий этилганда, ижтимоий можаролар, бахтсиз ҳодисалар натижасида жабрланган фуқароларга, шунингдек жиноятлардан жабрланганларга, қочқинларга, мамлакат ичкарисида кўчиб юрганларга ёрдам кўрсатиш;

ўзининг жисмоний ёки бошқа ўзига хос хусусиятлари сабабли ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини амалга ошириши чекланган шахсларга ёрдам кўрсатиш;

атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, маданий мерос, тарихий-маданий муҳит, тарихий ва маданий ёдгорликлар, дафн этиш жойларини сақлаб қолиш билан боғлиқ тадбирлар ўтказиш;

оммавий спорт, маданий тадбирларни ва бошқа жамоат тадбирларини ташкил этиш билан боғлиқ миллий ҳамда халқаро аҳамиятга молик тадбирларни ўтказишга кўмаклашиш;

алоҳида давр ва фавқулодда ҳолат ҳуқуқий режимларининг амал қилиши вақтида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларига, бошқа ҳарбий идораларга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига волонтёрлик ёрдами кўрсатиш.

Ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолияти субъектлари ҳисобланади.

Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган жисмоний шахслар волонтёрлик фаолиятини, башарти бу фаолият уларнинг соғлиғига ҳамда ахлоқий ривожланишига зарар етказмаса ва ўқув жараёнини бузмаса, амалга ошириши мумкин.

Волонтёр қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўзининг волонтёрлик фаолиятини амалга оширишда иштирок этишини ушбу Қонунда белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда эркин танлаш;

агар волонтёр ҳамда волонтёрлик ташкилоти ўртасида тузилган фуқаролик-ҳуқуқий шартномада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳар қандай вақтда волонтёрлик фаолиятини эркин равишда тугатиш;

волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси тўғрисида ва волонтёрлик ташкилоти ҳақида ишончли ахборот олиш;

волонтёрлик дастурларини бажариш, волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган ёки тавсия қилинадиган волонтёрлик акцияларини ва бошқа тадбирларни ўтказиш;

волонтёрлик фаолияти ташкилотчисидан ва волонтёрлик ташкилотидан махсус кийим-бош олиш ҳамда йўл ҳақига, яшашга, овқатланишга, зарур якка тартибда ҳимояланиш воситаларини, асбоб-ускуналарни олишга сарфланган харажатларнинг ва бошқа харажатларнинг ўрни қопланиши;

волонтёрлик фаолияти ташкилотчиси ва волонтёрлик ташкилотидан тавсиянома тусидаги хатларни олиш;

таълим, соғлиқни сақлаш, маданият, спорт ташкилотларига ва табиатни муҳофаза қилувчи ҳамда ўрмон муассасаларининг ҳудудига мазкур ташкилотлар ва муассасалар раҳбарияти билан келишувга кўра волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш учун кириш;

волонтёрлик ташкилотининг, волонтёрлик фаолияти ташкилотчисининг маблағлари ҳисобидан ҳаёти ва соғлиғини суғурта қилдириш.

Волонтёрлик қонун ҳужжатлари қоидаларига риоя этган ҳолда волонтёр ва волонтёрлик фаолиятининг ташкилотчиси ўртасида ёзма шаклда тузилган шартнома асосида амалга оширилиши мумкин.

Шунингдек, волонтёрлик фаолиятини илгари суриш ҳамда амалга ошириш борасидаги хизматларини эътироф этиш ва баҳолаш белгиси сифатида жисмоний ва юридик шахслар мукофотланиши мумкин.

Мавзуга оид