Light | 22:01 / 09.12.2019
14610
2 дақиқада ўқилади

Қишда юрак-томир касалликлари хавфини камайтиришнинг оддий қоидалари

Фото: CC0

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, юрак-томир касалликлари дунёда энг кўп тарқалган касалликлар ҳисобланади. Афсуски, қиш вақтида сурункали юрак-томир касалликларининг ўткирлашиши хавфи кескин ортади. Биринчи навбатда, бу қиш мавсумидаги иқлим шароитлари билан боғланган. Ҳарорат ва атмосфера босимининг ўзгариб туриши организмнинг умумий ҳолатига салбий таъсир кўрсатади ва шу сабабли йилнинг бу фаслида юрак-томир касалликлари профилактикаси ҳақида қайғуриш айниқса муҳимдир. 

Энг асосийси, соғлом овқатланиш тамойилларига амал қилиш лозим. Рационга кўп миқдорда мавсумий сабзавот ва мевалар, бошоқли ўсимликлар, ёғли балиқ турлари, мисол учун, форель ва скумбрияни қўшиш керак. Тамаки чекиш ва спиртли ичимликлар ичишдан воз кечиш муҳим – бу тромблар пайдо бўлииши хавфини камайтириб, томирлар шикастланишига йўл қўймайди. Асабийлашмасликка ҳаракат қилинг. Адреналиннинг ҳаддан кўп ишлаб чиқарилиши тахикардия ва томирлар сиқилишига олиб келади, бу эса юрак фаолиятига салбий таъсир кўрсатади. Сизни ташвишлантираётган муаммолардан чалғиб, ҳордиқ ва севимли машғулотингизга кўпроқ вақт ажратинг. 

Шунингдек, жисмоний юклама ҳақида ҳам унутмаслик зарур. Кўпроқ ҳаракатланиш, тоза ҳавода сайр қилиш ёки эрталабки бадантарбияни канда қилмаслик лозим. Бундан ташқари, юрагингизни “тинглаб туриш”, пульс ва қон босими ортидан кузатиб туриш ва шифокор буюрган дориларни қабул қилишни унутмаслик керак. Агар юрак уришида ўзгариш, кўкрак соҳасида оғриқ, нафас сиқиши ёки бош айланишни ҳис қилсангиз, ҳаялламай мутахассисга мурожаат қилишингиз лозим.

Мавзуга оид