Спорт | 19:21 / 16.12.2019
7244
2 дақиқада ўқилади

135 теннисчи келишилган ўйинларда иштирок этишда гумон қилинмоқда

Профессионал теннисчлар ассоциациясининг (ATP) етакчи ўттизталигига кирувчи теннисчи келишилган ўйинларда иштирок этишда гумон қилинмоқда. Бу ҳақда Die Welt нашри маълум қилди. Таъкидланишича, ушбу теннисчи ҳисобида ATP’нинг учта мусобақасидаги ғолиблик бор.   

Нашр ZDF немис телеканали билан бир нечта давлат, жумладан, Бельгия Испания, Франция ва АҚШда бир йилдан кўпроққа чўзилган тергов ўтказган. Унинг натижаларига кўра келишилган ўйинларда иштирок этишда жами 135 теннисчи гумон қилинмоқда. 

Келишилган ўйинларни арман мафияси ташкиллаштиргани тахмин қилинмоқда. Терговга АҚШнинг Федерал қидирувлар бюроси ходимлари ҳам жалб қилинган. Келишилган ўйинлар ҳақидаги ахборотни немис теннисчиларидан бири ошкор қилган. Унинг шахси сир тутилмоқда. 

ОАВ маълумотларига кўра, тергов ўз поёнига етмоқда, унинг натижалари бир неча ойдан кейин маълум қилинади. 

Нашр бирор-бир исмни ошкор қилмаётганига қарамай, юқорида тилга олинган теннисчи таърифига бир неча теннисчи мос келмоқда: италиялик Маттео Берреттини, аргентиналик Диего Шварцман, австралиялик Алекс де Минор, француз Бенуа Пэр ва грузин Николоз Басилашвили.

Қайд қилиб ўтиш жоиз, теннисда келишилган ўйинларни тергов қилишга масъул ташкилот Tennis Integrity Unit (TIU) 2019 йилда 20 нафар теннисчисини дисквалифиция қилган. 

Мавзуга оид