Иқтисодиёт | 14:30 / 17.12.2019
12614
4 дақиқада ўқилади

Эксперт фикри: янги Солиқ кодекси қайси қонунларда ўзгаришларга сабаб бўлмоқда?

Фото: Shutterstock

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси Олий Мажлис палаталари томонидан қабул қилинди. Шу сабабли, солиқ соҳаси билан боғлиқ бошқа қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш эҳтиёжи пайдо бўлди ва “Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун хужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси 2019 йил 9 декабрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланди.

Бу қонун амалдаги 13та қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Жумладан, бу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунининг 21-моддасида фойдали қазилмаларни қидириш, разведка қилиш ва қазиб олиш учун ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи учун лицензия олган ер қаъридан фойдаланувчилар имзоли бонус ва тижоратбоп топилма бонусини тўлашлари белгилаб қўйилди. У бир марталик тўлов ҳисобланиши, Солиқ кодексида эса доимий ҳисобланадиган ва тўланадиган солиқлар кўзда тутилганлиги сабабли, Солиқ кодексининг 252-моддасидан Ўзбекистон Республикасининг “Ер ости бойликлари тўғрисида”ги қонунига ўтказилмоқда. Шунингдек, бу қонунда имзоли бонус ставкалари ҳам белгилаб берилмоқда. Бунда, имзоли бонус ставкаларининг энг кам ҳажми фойдали қазилманинг турига қараб 2 баробарга, олтинни қидириш ва разведка қилиш бўйича эса 10 баробарга камайтирилмоқда.

Имзоли бонус ставкаларининг энг кам ҳажмини пасайтирилиши хорижий инвестицияларни бу соҳага, айниқса кам ўрганилган ҳудудларда геология-қидирув ишларини амалга оширишга жалб қилиш имкониятини беради. Бу қонун билан, шунингдек, Ўзбекистон Республикаснинг “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 44-моддасида белгиланган, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб қувватлаш соҳасидаги ваколатларидан бири бўлган маҳаллий солиқлар бўйича имтиёзлар белгилаш ваколати чиқариб ташланмоқда. Чунки барча солиқ имтиёзлари Солиқ кодексида белгиланиши тартиби ўрнатилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Фермер хўжалиги тўғрисида”ги қонунининг 27-моддасига ўзгартириш киритилмоқда ва фермер хўжалиги раҳбарининг барча солиқ ва мажбурий тўловлар тўлангандан сўнг ихтиёрида қолаётган фойда суммаси бўйича имтиёзни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Бунда, унга дивиденд сифатида қараш ва 5 фоиз ставкасида солиққа тортиш назарда тутилмоқда. Худди шундай тартибда оилавий корхона иштирокчилари учун белгиланган имтиёзлар ҳам бекор қилинмоқда. Шу билан бирга, агар хусусий корхона (оилавий корхона) ёки фермер хўжалиги фойдасини (даромадини) тақсимламаган ҳолда ўз ихтиёрида қолдирса, бундай ҳолатда дивиденд солиғи тўланмайди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонунининг 12-моддаси (Чет эллик инвесторларнинг хўжалик фаолияти), Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги қонунининг 16-моддасида (Инвестиция фаолиятини рағбатлантириш) назарда тутилган нормалар ҳозирги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Инвестициялар ва инвестиция фаолияти” тўғрисидаги янги қонуни лойиҳаси кўриб чиқилаётганлиги туфайли ўз кучини йўқотган деб топиш таклиф қилинмоқда.

Ҳамдам Отажонов (Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти бўлим бошлиғи, эксперт)

Мавзуга оид