Спорт | 18:08 / 18.12.2019
55527
2 дақиқада ўқилади

Допинг: икки нафар ўзбекистонлик курашчи ЖЧ олтин медалларидан маҳрум бўлди

Гулнора Сулаймонова

Кураш халқаро ассоциацияси (IKA) Антидопинг комиссияси ўзбекистонлик икки спортчини антидопинг қоидаларини бузгани учун четлаштирди. Бу ҳақда IKA сайтида хабар берилган.

Кураш бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионати ва 2019 йил сентябрь ойида Кореяда бўлиб ўтган Бутунжаҳон жанг санъати ўйинларида икки нафар спортчидан олинган допинг намуналарида Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган моддалар таркиби аниқлади.

Гулнора Сулаймонованинг (аёллар ўртасида 52 кг вазн тоифасида ғолиб) допинг намунасида Dehydrochlormethyltestosterone метаболити топилди.

Аброр Жабборовнинг (60 кг вазн тоифасида ғолиб) намунасида фуросемид диуретики аниқланди.

Антидопинг комиссиясининг қарори билан Г.Сулаймонова мусобақаларда қатнашишдан 4 йилга, А.Жабборов эса 2 йилга четлаштирилди. Шунингдек, уларнинг жаҳон чемпионати ва Кореядаги Бутунжаҳон жанг санъатлари ўйинларидаги натижалари ҳам бекор қилинди.

Натижада, аёллар ўртасида 52 кг вазн тоифасида олтин медал Туркманистон вакиласи Ойнур Омонова, эркаклар ўртасида 60 кг вазн тоифасида эса туркманистонлик Шомуҳаммад Қурбоновга берилади.

Мавзуга оид