17:58 / 20.12.2019
0
4459

2019 йилда олиб борилган археологик қазув ишлари натижалари маълум қилинди

Бугун, 20 декабрь куни Ахборот ва оммавий комуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази фаолиятига доир «Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар: йил якуни бўйича сарҳисоб» мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Берилган маълумотларга кўра, 2019 йилда олиб борилган археологик қазув ишлари натижасида:

- Сурхон вохасидаги юқори палеолит даврига оид биринчи ёдгорлик ҳисобланган Қораунгурдара ғори аниқланди;

- Ахсикент шаҳрида олиб борилган қазув ишлари давомида тайёрланган объектларда биринчи замонавий типдаги «очиқ осмон остидаги музей» очилди. 2019 йилги қазув мавсумида Ахсикент ёдгорлигида олиб борилган қазув ишлари кенгайтирилиб, яна 6та объект очиқ осмон остидаги музей учун тайёрланди;

- Бухоро шаҳар шаҳристонида олиб борилган қазув ишлари натижасида шаҳар ҳудуди антик даврдан интенсив яшаб келингани ўз тасдиғини топди;

- Пойкенд ёдгорлигида милоддан олдинги III-II асрларга оид қадимий мудофаа девори қолдиқлари аниқланди, ёдгорлик ибодатхонаси ҳудудида, шунингдек, маъбудларга тортиқ сифатида келтирилган қимматбаҳо қурол-яроғлар тўплами аниқланди;

- Тошкент вилояти Оҳангарон туманида жойлашган Қуюн ёдгорлигида олиб борилган қазув ишлари натижасида бундан 3300 йил аввал тоғ-адир қисмларига ёйилган манзилгоҳ ўрни аниқланди;

- Хоразм вилоятида Хумбуз ёдгорлигида олиб борилган қазув ишлари натижасида бундан 2800 йил аввал фаолият кўрсатган энг қадимий ибодатхона қолдиқлари очилди;

- Самарқанд вилоятида жойлашган ва шаҳар ташқарисидаги Самарқанд ҳукмдорлари қароргоҳи сифатида Кофирқалъа ёдгорлигида саройнинг илк ўрта асрлардаги тўлиқ тарихи аниқланди.

Тадбир давомида интернетда тарқалган, аҳоли участкаларида бойликлар жамланган йирик хумлар чиққани, улар одамлар томонидан қазиб олинаётгани ҳақида тарқалган видеолавҳалар борасида изоҳ сўралди.

«Давлатимиз ҳудудида одамларнинг ҳовлиларидан топилаётган ва қазиб олинаётган йирик хумлар, бойликлар ҳақида бизда айни пайтда маълумот мавжуд эмас. Топилмаларга келсак, Ўзбекистон ҳудуди бежиз қадимий маданият ўчоғи деб айтилмайди. Ҳар бир шаҳримиз, қишлоғимиз, тоғимиз-у чўлларимиздан ҳам қадимий буюмлар, бойликлар чиқиб қолиши мумкин. Чунки биз азалдан Буюк Ипак йўли марказида бўлганмиз.

Топилма топган одам маҳаллага, ҳокимиятга мурожаат қилиши керак. Топилмалар Маданият вазирлигининг маданий мерос департаменти томонидан ўрганилади. Бу департаментнинг инспекторлари ҳудудларда ҳам бор. Улар қадимий обидалар, археологик объектлар кадастрларини ҳам тузишади, рўйхатга олиб боришади. Топувчини рағбатлантириш ҳам топилган буюмга қараб белгиланади», деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Миллий археология маркази директори Фарҳод Мақсудов.

Мавзуга оид
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top