Жамият | 17:47 / 20.12.2019
10530
2 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходимлари орасидаги суиқасд ҳолатлари ҳақида маълумот берилди

19 декабрь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ИИВ Кадрлар бош бошқармаси бўлим бошлиғи Фарид Абдиев ички ишлар ходимлари орасида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақидаги саволга жавоб берди.

«Суицидлар асосан хизмат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ҳолатларда содир бўлади. Оилада, қанақадир қарздорлик бўлган ҳолатларда рўй бериши мумкин. Лекин хизматнинг иш юкламасидан келиб чиқиб суицид қилинган ҳолатлар ёки хизмат пайтида ўзини қанақадир хизмат қуроли билан [отиб ўлдиргани] камдан-кам бўлган ҳолат. Олдинлари бўлгани ҳақида эшитганман, лекин сўнгги пайтларда бунақа ҳолатлар кузатилгани йўқ», дея Фарид Абдиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

ИИВ мулозими ички ишлар ходимлари иштирокида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари юз берганини тан олди. Бироқ буларнинг барчаси оилавий ва шахсий ҳаётидаги воқеалар, ижтимоий муаммолардан келиб чиқиб юз бергани айтилди. Унинг сўзларига кўра, ички ишлар ходимларининг суицидга қўл уриши билан боғлиқ кўрсаткич у қадар кўп эмас.

Аввалроқ ИИВ Жазони ижро этиш бош бошқармасининг Тошкент вилояти манзил колонияси жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили, подполковник Асомхўжа Аброров ўз кабинетида арқон билан осилган ҳолатда топилгани хабар қилинган, Президент қарори билан «Ўзбекистон Республикаси Бош психиатри» ва «Ўзбекистон Республикаси Бош суицидологи» лавозимлари жорий этилган эди.