ОАВ соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди
Вазирлар Маҳкамасининг “Оммавий ахборот ва коммуникациялар соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Оммавий ахборот воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламентига кўра, давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган оммавий ахборот воситаларига қуйидагилар киради:
даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқалар);
теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентликлари;
маҳсулотлари Интернет жаҳон тармоғи орқали тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар);
асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган, шунингдек, таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги оммавий ахборот воситалари (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);
реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситалари (реклама тарқатишга ихтисослашган газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар);
оммавий ахборот воситаларининг бошқа турлари (электрон тарзда тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари ва бошқалар).
Реклама хусусиятига эга бўлган оммавий ахборот воситаси дейилганда даврий босма нашр алоҳида сони ҳажмининг 40 фоизидан, теле-, радио дастурларда эшиттириш ва кўрсатув ҳар бир соатининг 10 фоизидан кўпроғини реклама хабарлари ташкил қиладиган оммавий ахборот воситаси тушунилади.
Қуйидагиларни давлат рўйхатидан ўтказиш талаб қилинмайди:
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан фақат уларнинг расмий хабарлари ва фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа материалларини эълон қилиш учун таъсис этиладиган оммавий ахборот воситалари;
корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг ўз эҳтиёжларини қондириш учун тиражи юз нусхагача бўлган даврий босма нашрлари;
тарқатилиши бир корхона, муассаса, ташкилот (шу жумладан ўқув ва илмий муассаса)нинг биноси ва (ёки) ҳудуди билан чекланган кабель тармоқлар орқали узатиладиган теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, аудиовизуал хабарлар ва материаллар.
Давлат хизмати Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан кўрсатилади.
Давлат хизматлари марказига ёки my.gov.uz платформаси орқали ариза юбориши керак. Сўровномага ОАВ (ёки интернетдаги веб-сайт) таҳририяти юридик шахс бўлмаган ҳолларда, таҳририят тўғрисидаги низомнинг нусхаси ҳамда муассис агар иккита бўлган тақдирда таъсис шартномаси илова қилинади.
Ариза берувчи учинчи шахс бўлган тақдирда, тегишли тартибда берилган ишончноманинг электрон нусхаси сўровномага илова қилинади.
Ариза юборилгандан сўнг 15 кун мобайнида ваколатли орган QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади ёки давлат рўйхатидан ўтказишни рад этади.
Ариза берувчи хабарнома ва ОАВ давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида қарорни олган пайтдан бошлаб 3 иш куни мобайнида белгиланган миқдорда, давлат божини тўлайди.
Давлат божи миқдори қуйидагича:
даврий босма нашрлар (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар ва бошқалар) – базавий ҳисоблаш миқдорининг 12,5 баравари;
теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар, ахборот агентликлари – базавий ҳисоблаш миқдорининг 15 баравари;
маҳсулотлари Интернет глобал тармоғи орқали тарқатиладиган ОАВ (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар) – базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 %;
асосан болалар, ўсмирлар, ногиронлар учун мўлжалланган, шунингдек таълим ва маданий-маърифий йўналишдаги ОАВ (газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, альманахлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар) – базавий ҳисоблаш миқдорининг 2,5 баравари;
реклама хусусиятига эга бўлган ОАВ (рекламага ихтисослашган газеталар, журналлар, буклетлар, теле-, радио-, видео-, кинохроникал дастурлар ва бошқалар) – базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари;
ОАВларнинг бошқа турлари (электрон тарзда тарқатиладиган оммавий ахборот воситалари маҳсулотлари ва бошқалар) – базавий ҳисоблаш миқдорининг 12,5 баравари.
Оммавий ахборот воситалари қайта рўйхатдан ўтказилганлиги учун давлат рўйхатидан ўтказишда назарда тутилган давлат божи суммасининг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
09:55 / 15.10.2024
Автобус йўлакларида бошқа транспортларнинг ҳаракатланиши устидан назорат кучайтирилди
16:46 / 26.08.2024
Фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди
07:16 / 20.08.2024