Ўзбекистон | 20:53 / 23.12.2019
5623
2 дақиқада ўқилади

Экологик партия номзодлари асосан ёшлардан иборатлиги ижобий ҳодиса – халқаро эксперт

Бугун, 23 декабрь куни, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Курманов ва қатор сенаторлар сайлов жараёнларида кузатувчи тарзида иштирок этиш учун келган Малайзия делегацияси билан учрашди.

Учрашувдан сўнг мазкур делегация раҳбари, Малайзия парламенти қуйи палатаси вице-спикери Мох Рашид бин Хансон журналистлар билан суҳбатда жорий йилги Парламент сайловларида Экологик партиянинг ҳам ўз номзодлари билан иштирок этганига алоҳида тўхталиб ўтди.

«Кечаги сайловларда Экологик партиянинг номзодлари асосан ёшлардан иборат эканлиги ҳам эътиборимизни тортди», дея қайд этди Малайзия делегацияси раҳбари.

Шунингдек, халқаро эксперт Ўзбекистонда олдинги сайловларда Экологик ҳаракатга алоҳида квота ажратилгани ва тўғридан-тўғри парламентда ўринга эга бўлганидан хабари борлигини билдириб, бугун Экологик партиянинг сайловларда иштирок этганини мамлакат учун ижобий қадам деб ҳисоблаш мумкинлигини қайд этди.

Унинг фикрича, атроф-муҳит масалаларига эътибор билан қараш ва одамларни огоҳ қилиш нафақат Ўзбекистон учун, балки бутун дунё учун долзарб бўлиб қолмоқда. 

Мавзуга оид