Спорт | 09:11 / 28.12.2019
14304
8 дақиқада ўқилади

Президент кураш миллий спорт тури бўйича янги фармон имзолайди

Кураш миллий спорт турининг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари қабул қилинади.

Муҳокама учун эълон қилинган ва Бош прокуратура томонидан ишлаб чиқилган президент фармони лойиҳасида қайд этилишича, кураш халқаро ассоциациясининг 2017 йилнинг 27 майда бўлиб ўтган навбатдан ташқари Конгрессида Ўзбекистон Республикаси Президенти доимий Фахрий Президент этиб сайланган.

Ўзбекистон кураш федерацияси, Миллий олимпия қўмитаси ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги билан биргаликда ишлаб чиқилган:

Кураш миллий спорт турини 2030 йилгача янги босқичга олиб чиқиш концепцияси;

2020-2030 йилларда кураш миллий спорт турининг халқаро нуфузини янада ошириш бўйича “Йўл харитаси”;

вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида 2020-2022 йилларда янги қуриладиган кураш маҳорат спорт мактабларининг манзилли рўйхати;

2030 йилга қадар курашни оммалаштириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни баҳолаш мезонлари тасдиқланади.

“Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш ва баҳолаш мезонларига эришишнинг пировард мақсади курашни Халқаро олимпия қўмитаси томонидан олимпия спорт тури сифатида тан олинишига ҳамда келгусида Халқаро олимпия ўйинлари дастурига киритилишига эришиш деб эътироф этилади.

Ўзбекистон кураш федерацияси, Кураш халқаро ассоциацияси, Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг:

а) ҳар икки йилда бир марта:

2020 йилдан бошлаб вилоятлар марказлари, Тошкент ва Нукус шаҳарларида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида халқаро кураш мусобақасини;

2021 йилдан бошлаб, устувор равишда хорижий давлатларда Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун кураш бўйича халқаро турнирларни;

б) 2020 йилдан бошлаб ҳар йилда бир марта давлат органлари ходимлари ўртасида кураш бўйича “Ўзбек полвони” республика мусобақасини ўтказиш;

в) 2020-2022 йилларда вилоятлар марказлари, Нукус ва Тошкент шаҳарларида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги кураш маҳорат спорт мактабларини босқичма-босқич ташкил этиш;

кураш маҳорат мактабларининг раҳбарлари, тренерлари ва бошқа ходимларига олимпия захиралари коллежлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартларини қўллаш;

г) Кураш халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон кураш федерацияси муассислигида Халқаро кураш институтини қайта ташкил этиш ҳақидаги таклифларига розилик берилади.

Қуйидагилар кураш маҳорат мактаблари фаолиятининг асосий йўналишлари ҳисобланади:

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган ўқув-машғулот базаларини яратиш ҳамда кураш бўйича республика ва халқаро мусобақаларда ғолибликни қўлга киритишга қодир бўлган спортчиларни тайёрлашда ушбу базалардан самарали фойдаланиш;

ёш истиқболли спортчиларни танлаб олиш ва тарбиялаш масалалари бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия захиралари коллежлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-услубий ҳамда меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;

кураш маҳорат мактаблари базасида миллий терма жамоалар ва уларнинг захиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт беллашувларини ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиб бориш, хорижий давлатлар тренер ва ҳакамлари билан ўзаро тажриба алмашиш мақсадида чет элнинг кураш клублари билан ҳамкорликни ривожлантириш.

Белгиланишича:

умумтаълим мактаблари ва спорт таълим муассасаларида кураш бўйича ўқув, ўқув-машқ, ўқувчиларни саралаб олиш (селекция) ҳамда уларда мусобақаларни ўтказиш тартиби Ўзбекистон кураш федерацияси томонидан белгиланади ва мувофиқлаштириб борилади;

кураш маҳорат мактаблари директорлари ва спорт бўйича директор ўринбосарларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Ўзбекистон кураш федерациясининг тақдимномасига асосан Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги марказий аппарати тузилмасида унинг ташкилий тузилмасига кирувчи ташкилотлар ходимларини мақбуллаштириш ҳисобидан курашни ривожлантириш ва “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларнинг бажарилиши учун масъул бўлим ташкил этилади.

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасига кураш миллий спортини ривожлантириш бўйича бўлим ташкил этиш тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020/2021 ўқув йилидан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университетида кураш бўйича мутахассисларни тайёрловчи йўналишлар очиш тўғрисидаги таклифига розилик берилади.

Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Кураш федерацияси ҳамда Миллий олимпия қўмитасининг Кураш федерацияси қошида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда Кураш миллий спорт турини қўллаб-қувватлаш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланади ҳамда қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари;

Ўзбекистон кураш федерациясига аъзолик бадаллари;

маҳаллий, хорижий ва халқаро ташкилотларнинг грантлари;

ҳомийлар – жисмоний ва юридик шахслар, Ўзбекистон Республикаси резидентлари ва норезидентларининг маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

а) кураш маҳорат мактаблари фаолияти билан боғлиқ харажатлар, шунингдек, уларни яктак спорт кийимлари ва кураш гиламлари билан таъминлаш харажатлари учун зарур маблағларни 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг “Маданият ва спорт” соҳасига ажратиладиган маблағлар доирасида ажратади ва 2022 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларида назарда тутади;

б) 2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан:

Кураш халқаро ассоциацияси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун – 10 миллиард сўм;

Ўзбекистон кураш федерацияси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бўлинмалари ходимларини иш ҳақи билан таъминлаш ва моддий рағбатлантириш, “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар учун – 20 миллиард сўм ажратилишини таъминлайди;

в) Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг буюртманомасига асосан 2020 йилдан бошлаб, мазкур қарорнинг 2-иловасида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича харажатларни қоплаш учун зарур маблағлар ажратади;

г) 2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг республика бюджетидан биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорларида курашни ривожлантириш харажатларини алоҳида кўрсатади.

Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси, Ички ишлар вазирлиги ва Кураш федерациясининг:

кураш спорти билан шуғулланган ходимлари ва ҳарбий хизматчилар томонидан ёшларни кураш миллий спортига янада кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини фаол тарғиб қилиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда ёшларни “Полвонлари кўп юрт қудратли бўлур” деган ягона шиор остида бирлаштириш мақсадида умумий ўрта таълим муассасаларида бепул кураш гуруҳларини ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари жисмоний тайёргарлик машғулотларида босқичма-босқич кураш ҳамда жанговар курашни устувор спорт турлари сифатида киритиш ҳақидаги таклифларига розилик берилади.

Мавзуга оид