Жаҳон | 21:28 / 31.12.2019
4421
2 дақиқада ўқилади

Трамп Эронни АҚШнинг Ироқдаги элчихонасига ҳужум уюштиришда айблади

АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси атрофидаги тартибсизликлар ортида Эрон турибди, деб баёнот берди Америка президенти Дональд Трамп.

"Энди Эрон АҚШнинг Ироқдаги элчихонасига ҳужум ташкиллаштирди. У бунинг учун тўлалигича жавобгар", - деб ёзди у твиттерда.

Аввалроқ Бағдоддаги АҚШ элчихонаси биноси яқинида юзлаб намойишчилар Американинг Ироқдаги дипломатик миссияси ёпилишини ва мамлакатдан АҚШ қўшинлари олиб чиқиб кетилишини талаб қилаётганлиги хабар қилинганди. Al Mayadeen телеканалининг хабар беришича, "Ал-Хашд аш-Шааби" шиалар қуролли гуруҳининг юзлаб тарафдорлари элчихона мажмуаси ҳудудига киришга муваффақ бўлган.

Элчихона қўриқчилари ва полиция ходимлари намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи гранаталар қўллашган ва ҳавога огоҳлантирувчи ўқ узишган. Йигирмага яқин киши жароҳатлангани хабар қилинмоқда. Аммо намойишчилар тарқалмаяпти ва Бағдод марказидаги "яшил ҳудуд"да чодирлар тикишмоқда.

"Ал-Хашд аш-Шааби" командири Фалиҳ ал-Файёднинг сўзларига кўра, "Ироқ парламенти АҚШ дипломатларини ва қўшинларини мамлакатдан чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилмагунича норозилик намойишлари давом этади".

Хабар қилинишича, АҚШ элчиси ва элчихона ходимлари Бағдоддан эвакуация қилинган.

Якшанба куни Пентагон АҚШ ҳарбийлари Ироқ ва Суриядаги шиа ҳарбий гуруҳлари объектларига зарба беришганини хабар қилганди.

Шиалар гуруҳи ўз навбатида, 25 киши ҳалок бўлгани ва 51 киши жароҳатланганини маълум қилди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид