Жаҳон | 15:20 / 03.01.2020
20954
2 дақиқада ўқилади

АҚШ ўз фуқароларини Ироқни зудлик билан тарк этишга чақирди

АҚШ Давлат департаменти Ироқ ҳудудидаги америкаликларга «минтақадаги вазият кескинлашгани муносабати билан» ушбу мамлакатни тарк этишни тавсия қилди.

Америкаликлардан Ироқни «агар иложи бўлса самолётда» ёки «қуруқлик орқали» тарк этиш сўралган.

Давлат департаментининг твиттердаги саҳифасида эълон қилинган баёнотда 31 декабрь куни Бағдоддаги элчихона «Эрон томонидан қўллаб-қувватланувчи қуролли гуруҳ» ҳужумига учрагани эслатиб ўтилган.

Давлат департаментининг америкаликларни Ироқни тарк этишга чорлови Бағдодда Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг махсус бўлинмаси бўлмиш «Ал-Қудс» бўлинмаси қўмондони генерал Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишидан бир неча соат ўтиб эълон қилинмоқда. «Ал-Қудс» Эроннинг Яқин Шарқдаги кампаниясига бошчилик қилади ва хорижда махсус амалиётлар ўтказиш билан шуғулланади. 

Пентагон Сулаймоний АҚШ президенти Дональд Трампнинг фармойиши билан ўлдирилганини маълум қилган. Эрон ҳукумати генералнинг ўлдирилишини терроризм акти деб атаган ва бунинг учун «қўрқинчли қасос» олинишини билдирган.

Мавзуга оид