Иқтисодиёт | 19:30 / 05.01.2020
43470
2 дақиқада ўқилади

«Капиталбанк» раҳбари лавозимидан озод этилди

2019 йилнинг июнида «Капиталбанк» бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Олег Ким муддатидан аввал ўз лавозимини тарк этди.

«Капиталбанк» акциядорлик тижорат банкида муддатидан олдин раҳбар ўзгарди. Бу ҳақда Корпоратив маълумот ягона порталида хабар берилган.

Маълум қилинишича, 2019 йилнинг 30 декабрида банк бошқарув кенгаши мажлиси ўтказилган, унда банк бошқарув кенгаши раиси Олег Кимнинг ваколатларини муддатидан олдин бекор қилиш, шунингдек, 2020 йил 3 январидан у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилган.

Алексей Глущенко

4 январь кунидан Алексей Глущенко банк бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. У шу вақтга қадар бошқарув кенгаши раиси ўринбосари эди.

Эслатиб ўтамиз, Олег Ким 2019 йил июнида Шерзод Каримбоев ўрнига «Капиталбанк» бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

«Капиталбанк» — Ўзбекистондаги хусусий тижорат банкларидан бири. 2004 йилда у «Авиабанк» билан бирлашиб, акциядорлик тижорат банкига айланган. 

2019 йилнинг августида Promadik Invest компанияси «Капиталбанк»нинг 36 фоиз акцияларини сотиб олгани хабар қилинганди.

Мавзуга оид