Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
1 сентябргача амалдаги меҳнат дафтарчалари электронлаштирилади – вазирлик
Бугун, 7 январь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида электрон меҳнат дафтарчаларини юритиш тизимида амалга оширилаётган чора-тадбирларга бағишланган матбуот анжуман ташкил этилди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Ягона миллий меҳнат тизими ИДАКни бошқариш дирекцияси раҳбари Ҳусан Ёрқулов республика миқёсида қилинаётган ишлар борасида маълумот берди.
«Республикада 650 минг 529та хўжалик юритувчи субъектлар бор. 2019 йил декабрь ойида 811та семинар ташкил этилган бўлиб, уларда иш берувчиларга электрон меҳнат дафтарчасини юритиш ва ходимлар ҳақида маълумотларни электрон базага киритиш ўқитилди. 144та вазирлик ва идораларнинг (жами 1 миллиондан ортиқ ходимлар мавжуд) масъул ходимларига семинарлар ўтилди. 2020 йил 6 январь ҳолатига кўра, тизимга 11 минг 777та корхоналар томонидан 142 минг 946 нафар ходим тўғрисида маълумот киритилган.
«Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга кўра, 2020 йил 1 январгача тузилган амалдаги меҳнат шартномалари 2020 йил 1 сентябргача электронлаштирилиши шарт. Яъни, амалдаги меҳнат дафтарчалари маълумотлари «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат комплексида рўйхатдан ўтказилиши шарт. 1 январдан бошлаб тузилган меҳнат шартномалари эса тўлиқ электрон шаклга ўтади», дея унинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.