03:08 / 08.01.2020
0
10649

Англия Лига кубоги. «МЮ» «Олд Траффорд»да «Сити»га мағлуб бўлди

Фото: Getty Images

Англия Лига кубоги дастлабки ярим финал учрашуви доирасида «Манчестер дербиси» ўтказилди. 

Шиддатли бошланган ўйиннинг дастлабки дақиқаларидан меҳмонлар ҳужумга ўтиб, 17-дақиқада ҳисобни очишди. Бернарду Силва жарима майдони ташқарисидан ажойиб зарбаси билан Де Хеа қўриқлаётган дарвозанинг «тўққизлиги»ни нишонга олди – 0:1.

Шу куни Магуайрсиз тўп сурган «МЮ» ҳимояси 33-дақиқада Маҳрезни қарши ҳужумда тўхтата олмади, у эса фарқни иккитага етказди – 0:2.

38-дақиқада эса катта саҳнага де Брюйне чиқди. Навбатдаги қарши ҳужумда ҳимоя чизиғини ёриб ўтган Кевиннинг зарбасини Де Хеа қайтарди, қайтган тўп эса Перейрага тегиб, дарвоза тўридан жой олди – 0:3.

Иккинчи бўлимнинг 70-дақиқасига келиб мезбонлар ҳисобни қисқартирувчи голни киритишди. Гринвуднинг узатмасидан кейин Рэшфорд Браво дарвозасига йўл топа билди – 1:3.

Ўйин якунига қадар икки томон ҳам ҳисобни ўзгартириш имкониятига эга бўлса-да, «Манчестер Сити» жавоб учрашувидан олдин финалга чиқиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилди.

7 январь (сешанба)
Англия лига кубоги. 
Ярим финал. Дастлабки учрашув.

Манчестер Юнайтед – Манчестер Сити 1:3

Голлар: 0:1 – 17 Бернарду Силва, 0:2 – 33 Маҳрез, 0:3 – 38, автогол Перейра, 1:3 – 70 Рэшфорд.

Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Уан-Биссака, Уильямс, Линделеф, Джонс, Лингард (Матич, 46), Фред, Перейра, Жеймс (Гомес, 64), Гринвуд, Рэшфорд.

Манчестер Сити – Браво, Уокер, Менди, Отаменди, Бернарду Силва, Гюндоган, Стерлинг, де Брюйне, Маҳрез, Фернандиньо, Родри Эрнандес.

Огоҳлантиришлар: Лингард (35), Фред (52), Родри Эрнандес (63), Уильямс (73).

Ушбу жамоалар ўртасидаги жавоб учрашуви 30 январь куни «Этиҳад» стадионида ўтказилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top