Ўзбекистон | 13:46 / 11.01.2020
51685
3 дақиқада ўқилади

Талабалар билан қайта ҳисоб-китоб қилиниши керакми?

Фото: Fotolia / WavebreakmediaMicro

Маълумки, республика олий таълим муассасаларида жорий ўқув йилидан бошлаб барча талабалар учун бир хил бўлган – 400 минг сўмлик стипендия белгиланди. Республика олий таълим кенгаши аъзоси, ҳуқуқшунос ҳамда блогер Хушнудбек Худойбердиев ўзининг телеграм каналига жойлаган хабарида бир хил стипендия тўлашга ҳозирча ҳукуматнинг ҳаққи йўқлиги, талабалар билан ўтган тўрт ой учун (2019 йил сентябр-декабр) қайта ҳисоб-китоб қилиниши кераклигини айтган.

Бугунги кунда талабаларга стипендия тўлаш тизими 2004 йил 10 мартда тасдиқланган ҳамда Адлия вазирлигидан 1339-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқнома билан тартибга солинади. Ушбу Йўриқноманинг 3-бандида талабаларга табақаланган коэффициентларни қўллаш орқали стипендия тўлаш белгиланган.

Ушбу Йўриқномага ҳозирча ўзгариш киритилгани ёхуд мазкур Йўриқноманинг амал қилиш муддати тўхтатиб турилгани йўқ.

«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Қонуннинг 35-моддаси ҳамда «Идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш ва қабул қилиш қоидалари»нинг 120-бандига биноан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки унинг қисмининг амал қилиши уни қабул қилган орган ёхуд унинг юқори турувчи органи томонидан муайян муддатга ёки муайян ҳодиса юз бергунига қадар тўхтатиб турилиши мумкин ва бу тегишли идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан амалга оширилади.

Ҳозиргача юқоридаги Йўриқноманинг амал қилиши тўхтатиб қўйилгани йўқ ёки шунга оид бирорта идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмади (эълон қилинмади, рўйхатга олинмади).

Унда сентябрь ойидан барча талабаларга бир хил 400 минг сўм стипендия тўланди-ку, бу қандай ҳуқуқий асосга эга эди? Ҳеч қандай!

Шунчаки, Молия вазири ўринбосари О.Исоқов ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари С.Бузрукхоновнинг ОТМ ректорларига йўллаган қўшма хатини кўрдик, холос. Ўша хатда стипендия тўлаш тартибига ўзгариш киритилаётгани сабабли 1 сентябрдан ҳаммага 400 минг сўм стипендия (ва яна бошқа қоидалар асосида) тўлашни таъминлаш сўралган.

Ваҳоланки, ушбу хат асосида амалда ўз кучида бўлиб турган Йўриқномадаги табақалаштирилган стипендия тўлаш тартибини инкор қилиб, барчага бир хил стипендия тўлаш – ноқонуний эди! Вазир ўринбосарларининг хати норматив-ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланмайди ва амалдаги НҲҲни тўхтатиб туриш, бошқа янги қоидалар белгилашга уларнинг ҳаққи йўқ.

Токи ҳалигача ҳукуматнинг стипендияга оид янги қарори расман тасдиқланмаган экан, демак ОТМлар талабаларга табақалаштирилган стипендия тўлашга мажбур. Ҳукумат зудликда сентябрь ойидан бошлаб талабалар билан қайта ҳисоб-китоб қилиши шарт ва зарур, деб ёзмоқда Республика олий таълим кенгаши аъзоси Х.Худойбердиев.

Мазкур хабарга нисбатан ҳозирча бирор вазирлик ёки идора томонидан муносабат билдирилмаган.

Мавзуга оид