17:12 / 12.01.2020
0
11499

Осиё чемпионати-U23. Жанубий Корея Эронни енгиб, чорак финалга чиқди

Фото: Tribuna.uz

Таиландда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати давом этмоқда. Ҳозиргина Сонгҳлада Эрон ва Жанубий Корея жамоалари ўртасидаги учрашув якунланди. Унда Жанубий Корея 2:1 ҳисобида ғалаба қозониб муддатидан аввал плей-офф масаласини ҳал қилди.

Ўйинни эронлик футболчилар фаол бошлашди. 10-дақиқада Муҳаммад Моҳиби жарима майдончасига кирмай зарба йўллади ва аммо унинг зарбасини ҳимоячилар қайтаришди. 13-дақиқада Меҳди Гаиди қанотдан узатилган тўпни дарвозага йўллашига бироз аниқлик етишмади. Шу дақиқанинг ўзида кореяликлар ҳужумга ўтишди ва ҳужум Маин Сон Унгнинг хавфли, аммо ноаниқ зарбаси билан якунланди.

Ўйиннинг 23-дақиқасида ҳисоб очилди. Жанубий Кореянинг узоқ давом этган ҳужуми гол билан якунланди. Аввалига узоқдан берилган зарбани дарвозабон қайтарди, лекин қайтган тўпни биринчи ўйинда ҳам жамоасининг ягона голига муаллифлик қилган Ли Дон Жун дарвозага йўллади — 0:1.

35-дақиқада эса Чо Гю Сон форс ҳимоячиларини доғда қолдириб, ҳисобдаги фарқни иккитага оширди — 0:2.

Иккинчи бўлимни эронликлар фаол бошлашди ва 54-дақиқада Ризо Шекари ҳисобни қисқартирди. У ҳаводан узатилган тўпни бош билан дарвозага жойлаб қўйди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда эронликлар кучли босимни амалга оширишди, аммо ҳисоб ўзгаришсиз қолди – 1:2.

Шу тариқа Жанубий Корея «С» гуруҳида биринчи бўлиб чорак финал йўлланмасини ҳал қилди. Тошкент вақти билан 18:15 да «С» гуруҳининг яна икки жамоаси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ўйин бошланади.

Осиё чемпионати-U23
«С» гуруҳи

2-тур
ЭРОН — ЖАНУБИЙ КОРЕЯ 1:2
Сонгҳла. «Тинсуланон» стадиони, 5 177 томошабин.
Гол: Ризо Шекари (54) — Ли Дон Жун (23), Чо Гю Сон (35).
Эрон: Ҳабиб Фараббоси, Можтаба Нажариан, Меҳди Меҳдикони, Оллоҳёр Саййадманеш, Ризо Шекари (Амир Ҳусайнзода, 81), Меҳди Гаиди (Жаъфар Сулаймоний, 76), Ризо Деҳқоний, Муҳаммад Моҳиби, Матин Каризода, Омид Нор Афкан, Ориф Оғоси.
Жанубий Корея: Сон Бум Кун, Ли Ю Хён, Ли Сан Мин, Жон Таэ Вук, Жон Ву Йон, Чо Гю Сун, Ли Дон Жун, Ким Жин Йа, Жон Сун Вон, Маэн Сун Ун, Вон Ду Жаэ.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top