Бугун, 19 июнда ўзбекистонлик барча футбол ишқибозларининг диққат эътибори «Бунёдкор» стадиони томон қаратилади. Мамлакатимиз мезбонлигида қарийб уч ҳафта давом этган Осиё кубоги U23 финалида Ўзбекистон Саудия Арабистонига қарши саф тортади. Tribuna.uz бутун Осиё диққат марказидаги ҳал қилувчи баҳс олдидан финалчиларнинг турнирдаги йўли, трансфер нархи, энг қиммат футболчилари ва «Бунёдкор» стадиони атрофидаги воқеаларга тўхталади.

Ўзбек футболини «жонлантирган» олимпиячилар

ЎФА Осиё кубоги U23 турнири мезбонлигини илк марта қўлга киритиб, Ўзбекистон олимпия жамоасининг ўйинлари орқали жамоатчилик эътиборини яна футболимизга қарата олди. Тан олиш лозим, Ўзбекистон миллий жамоаси ЖЧ-2022 саралаш босқичини тарихий антирекорд билан эрта тарк этгач, қизиқиш бир мунча пасайган эди. Темур Кападзе жамоаси эса ажойиб ғалабалари эвазига охирги марта ЖЧ-2018 саралаш босқичида кузатилган ажиотажни такрорлади. Ҳаттоки Ўзбекистон миллий жамоаси ўйинига бундай қизиқиш сўнгги марта 4-5 йил аввал кузатилган эди. Бу сафар эса ёшларимизнинг ҳар бир ўйини нафақат стадион ва унинг ташқарисида, балки бутун Ўзбекистон бўйлаб миллионлаб мухлислар қувончига сабаб бўлмоқда. Энди 2018 йилги Равшан Ҳайдаров жамоасининг чемпионлигини такрорлаш вақти етди.

Японияга қарши яримфинал баҳси Тошкентда 10 мингдан ортиқ томошабинни катта экран қаршисида тўплаган бўлса, Саудия Арабистонига қарши финал нафақат пойтахтда, Самарқанд ва аксарият бошқа шаҳарларда ҳам катта экранда намойиш этилиши айтилмоқда.

34 минг томошабин сиғимига эга «Бунёдкор» стадионига кириш чипталарининг қандай ажиотаж чиқаргани ва мухлисларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлгани барчага маълум. Футбол – катта байрам, миллионлаб одамлар кайфияти, халқни бирлаштирувчи восита, катта куч ва гоҳида катта хатар эканини Ўзбекистон иштирокидаги аввалги ўйинлар кўрсатиб берди. Финал чиптасини сотиб олишдаги турнақатор навбатлар, чипталарнинг чайқовчилар қўлига ўтиб, ўз нархидан 10-20 баравар қиммат нархда сотилаётгани Ўзбекистон – Саудия Арабистони ўртасидаги ўйинга қизиқиш қай даражада юқорилигини кўрсатмоқда.

 Ўзбекистонни Олимпиада-2020 ва ЖЧ-2022 йўлланмасидан маҳрум этган Саудиядан реванш олинадими?