00:12 / 13.01.2020
0
14557

Абхазия президенти Раул Хажимба истеъфо берди 

Раул Хажимба / Фото: ТАСС

Абхазия президенти Раул Хажимба республикада юз бераётган охирги воқеалар ортида истеъфога чиқишга қарор қилди. Бу ҳақда Абхазия вице-президенти Аслан Барциц маълум қилди.

“Қон тўкилмаслиги, республикада барқарорлик бўлиши учун у тегишли ҳужжатни имзолашга рози бўлди”, деб айтган Барциц.

Хажимбанинг ўзи ҳам лавозимидан кетганини тасдиқлаган. У навбатдан ташқари президент сайловларида иштирок этиши ҳақидаги саволга “Ҳаёт кўрсатади”, деб жавоб қилган. 

“Ягона Абхазия” мухолиф партияси раиси Сергей Шамбанинг маълум қилишича, республика конституциясига кўра, Хажимбанинг истеъфосидан кейин президент вазифасини бош вазир бажаради. Айни вақтда бош вазир лавозимини Валерий Бганба эгаллайди.

Мухолифат тарафдорлари Хажимбанинг истеъфосини олқишлар билан қарши  олишган ва бир-бирларини табриклай бошлашган.

12 январда Абхазия марказий сайлов комиссияси 22 март куни такрорий президент сайловлари бўлиб ўтишини белгилаган. Комиссияда олий суднинг 2019 йил сентябрда ўтган президент сайловлари натижаларини бекор қилиш ҳақидаги қарорига қарши экани, бироқ унга бўйсунишга мажбурлиги айтиб ўтилган.

Шундан кейин Хажимба такрорий сайловлар ўтказилиши борасидаги қарор бўйича баҳслашишини айтган.

Таъкидланишича, республикага Россия президентининг ёрдамчиси Владислав Сурков “вазиятни ҳал қилиш” учун келган.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top