Ўзбекистон | 11:41 / 14.01.2020
51392
4 дақиқада ўқилади

Хитойдаги номаълум вирус. Ўзбекистонда касаллик кириб келишига қарши қандай чоралар кўрилмоқда?

Фото: Noel Celis/AFP/Getty Images

Хитойдаги номаълум вирус. Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги қандай чора-тадбирларни амалга оширмоқда?

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими Хитойда рўйхатга олинган янги турдаги коронавирус касаллиги тўғрисида маълумот берди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюросининг маълумотларига кўра, Хитойда коронавируснинг янги типи эпидемияси юзага келган. 

Хитойнинг Ухан шаҳар Соғлиқни сақлаш қўмитаси 2019 йилнинг декабр ойининг охирида Ухан шаҳар Хубэй провинциясида номаълум этиологияли пневмония касаллиги тарқалганлигини маълум қилган. 

Хитойнинг ҲТСҚ-2005 Миллий координатори маълумотига кўра, 2020 йилнинг 11 январ ҳолатига Ухан шаҳрида 41та ҳолатда вирусли пневмония касаллиги аниқланган, уларда бир киши вафот этган, беморларни 6 нафари соғайиб шифохонадан чиқарилган. 

Беморлар билан мулоқотда бўлган 739 нафар, шулардан 419 нафари тиббиёт ходимлари тиббий назоратга олинган. Ҳозирча улар орасида касаллик аломатлари аниқланмаган. 

Миллий координаторнинг маълумоти асосида ҲТСҚ-2005 мезонлари бўйича ушбу касалликнинг халқаро миқёсда тарқалиш хавфи хамда халқаро савдо ва саёҳатларга тўсқинлик йўқлиги маълум қилинган.

Эпидемиологик суриштирув натижаларига кўра, айрим касалланган беморлар маҳаллий денгиз маҳсулотлари савдо бозорларида ишлаганлиги аниқланган. 

Беморларнинг кўпчилиги тана ҳароратининг юқорилиги ҳамда нафас олишининг қийинлашишига шикоят қилган. Кўкрак қафасининг рентгенография хулосасига кўра айрим ҳолатларда беморларни ўпкалари шикастланган. 

Бугунги кунда касалликни одамдан-одамга юқиши аниқланмаган.

Хитойнинг Ухан шаҳрининг Соғлиқни сақлаш қўмитаси атипик пневмония (8АК8) ва Яқин Шарқ респиратор синдроми (МЕК8) касалликлари инкор қилинган.

Қайд этилишича, аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш, касалликнинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги томонидан қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилмоқда:

  • давлат чегараси кесишган жойлардаги Санитария – карантин пунктларидан ўтаётган йўловчиларни сифатли тиббий – санитария кўригидан ўтказиш, айниқса Хитойдан келаётганларга алоҳида эътибор қаратилмоқда;
  • пневмония ва бошқа ўткир респиратор касалликлари аломатлари билан аниқланган беморларни алоҳидалаш ва шифохоналарга ётқизиш чоралари кўрилмоқда;
  • грипп, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморларни шифохоналарга ётқизиш учун даволаш – профилактика муассасаларини тайёргарлигини таъминлаш, беморларни даволаш учун дори-дармонлар ва дезинфекцион моддаларни захираси яратилди;
  • Хитойдан келаётган йўловчиларда, грипп касаллигининг оғир турларига, ЎРИ ва пневмония касалликларига гумон қилинган беморлар аниқланганда лаборатория ташхиси учун намуналар олишни ташкил этиш;
  • агентлик мутахассислари томонидан учувчилар, борт кузатувчилар, темир йўл проводникларини билим савиясини ошириш мақсадида грипп, ЎРИ ва ўткир пневмония касалликларининг клиникаси, лаборатория ташхисоти, профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлари тўғрисида семинарлар ўтказилмоқда.

Касалликларни республикага кириб келиши ва кенг тарқалишини олдини олиш бўйича олиб борилаётган чора – тадбирлар Санитария-эпидемиологик осойишталик aгентлиги томонидан назоратга олинган, дейилади маълумотда. 

Бундан олдин, Ўзбекистон ТИВ фуқароларни эҳтиёт чораларини кўришга чақирганди.

Мавзуга оид