Жаҳон | 22:13 / 03.10.2024
5129
2 дақиқада ўқилади

Руандада Марбург вируси оқибатида 11 киши вафот этди

Марбург вируси геморрагик иситмани келтириб чиқаради, бу касалликдан ўлим даражаси 88 фоизгача етиши мумкин.

Фото: AP

Руандада Марбург вируси билан касалланиш бўйича 36 та ҳолат аниқланган бўлиб, беморларнинг 11 нафари вафот этган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус Женевада ўтказилган брифингда маълум қилди.

«Айни вақтда мамлакатнинг 30 та округида касалланиш бўйича 36 та ҳолат тасдиқланди, жумладан, уларнинг 11 таси ўлим билан якунланган», — дейди Гебрейесус.

ЖССТ раҳбарининг қўшимча қилишича, беморларнинг 25 нафари изоляцияга олинган ва уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Беморлар билан алоқага киришга 300 киши устидан назорат ўрнатилган.

Аввалроқ Руанда Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат ҳудудидаги 30 та тумандан еттитасида касаллик ҳолатлари аниқлангандан сўнг мамлакатда ушбу касаллик илк бор авж олганини тасдиқлаганди. ЖССТ вирус тарқалиш хавфини минтақавий даражада юқори, аммо глобал миқёсда паст деб баҳоламоқда. Шу билан бирга мутахассислар касалликка чалингани гумонланаётган бир киши Раундани тарк этганидан ташвишда.

Марбург вируси геморрагик иситмани келтириб чиқаради, бу касалликдан ўлим даражаси 88 фоизгача етиши мумкин. Вирус тўғридан тўғри алоқа натижасида юқади. Касаллик белгилари орасида юқори тана ҳарорати, кучли бош оғриғи ва ҳолсизлик, шунингдек ич кетиши, қорин оғриғи ва кўнгил айниши кузатилади.

Марбург вируси Эбола вируси билан бир оилага мансуб. Касаллик ўз номини 1967 йилда Германиянинг Марбург шаҳрида юз берган эпидемия туфайли олган. Ўшанда Германиянинг Франкфурт, Сербиянинг Белград шаҳрида ҳам касалланиш ҳолатлари қайд этилган.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид