Жаҳон | 21:20 / 15.01.2020
84663
3 дақиқада ўқилади

Михаил Мишустин Россиянинг янги бош вазири бўлади

Михаил Мишустин Россия Федерацияси бош вазири бўлади.

Фото: РФ президенти матбуот хизмати/ТАСС

Россия президенти Владимир Путин Давлат думасига Федерал солиқ хизмати (ФНС) раҳбари Михаил Мишустинни ҳукумат раиси лавозимига тайинлаш таклифини киритди. Бу ҳақда Кремл матбуот хизмати хабар қилган.

Путин Мишустин билан ишчи учрашув ўтказган ва унга бош вазир лавозимини эгаллашни таклиф қилган. Мишустин розилик билдирган.

Бугун, 15 январь куни Владимир Путин Россия конституциясини ўзгартиришни таклиф қилди ва Дмитрий Медведев бошчилигидаги ҳукуматини истеъфога чиқарди.

Медведев Путин билан учрашувда давлат раҳбарининг конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги таклифи фонида бу қарорни тўғри деб ҳисоблашини, таклиф қилинган ўзгаришлар ижро этувчи, қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти ўртасидаги мувозанатни ўзгартиришини таъкидлаган.

Путин Медведев учун Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари лавозимини таклиф қилди.

Михаил Мишустин ҳақида

Михаил Мишустин 1966 йилнинг 3 мартида Москвада туғилган. 1989 йилда Москва станкоинструментал институтини (СТАНКИН) тамомлаган. Иқтисодий фанлар доктори, Россия Федерациясининг I тоифадаги давлат маслаҳатчиси ҳисобланади.

У 1989-1992 йилларда - СТАНКИН аспиранти, 1992-1995 йилларда - Россиядаги энг катта компьютер кўргазмаларидан бири Халқаро компьютер клубининг синов лабораторияси директори, 1995-1996 йилларда - клуб бош директори ўринбосари, клуб бошқарув раиси бўлган.

1998 йил августида Россия Федерал солиқ хизмати раиси ўринбосари лавозимига тайинланган. 1999 йил мартидан 2004 йил мартига қадар РФ Солиқ ва йиғимлар вазири ўринбосари бўлган, 2004 йил мартидан 2006 йил декабригача Федерал кўчмас мулк объектлари кадастри агентлигини бошқарган. 2007 йил январидан 2008 йил мартига қадар эса Федерал махсус иқтисодий зоналарни бошқариш агентлигига раҳбарлик қилган.

2008 йил мартида Мишустин UFG («ОФГ Инвест») инвестиция компанияси президентига айланган.

У 2010 йил 6 апрелидан буён Россия Федерал солиқ хизмати раиси ҳисобланарди.

Қайд этишларича, Мишустин ҳам Путин каби ҳоккей ишқибозидир. Ушбу амалдор Россия ҳоккей федерацияси бошқарув кенгаши таркибига ҳамда ЦСКА ҳоккей клубининг кузатув кенгашига аъзо ҳисобланади.

Мавзуга оид