13:26 / 16.01.2020
3
77280

Тошкент телеминораси очилганига 35 йил тўлди (видео)

Тошкент телеминораси қуриб, фойдаланишга топширилганига 35 йил тўлди. 375 метр баландликка эга минора 1985 йил 15 январидан ўз фаолиятини бошлаган.

Иншоот баландлиги бўйича Марказий Осиёда биринчи, МДҲда эса Москвадаги Останкино телеминорасидан кейин иккинчи ўринда туради.

1978 йилдан бошлаб, 6 йил давомида қурилган Тошкент телеминораси очилганидан кейин 1991 йилгача дунёдаги учинчи энг баланд минора саналган.

Дунё миқёсида минораларнинг баландлиги бўйича ҳозирги рўйхатида Тошкент телеминораси 12-ўринда туради.

Телеминорада сайёҳлар учун томоша майдончасига экскурсия ва «Коинот» ресторани xизматлари йўлга кўйилган. 2019 йил ноябрдан бошлаб телеминорага ташриф буюрувчилардан шаxсни тасдиқловчи ҳужжат сўраш тартиби бекор килинди. Яъни энди телеминорага паспортсиз кириш мумкин.

Шу билан бирга, меҳмонларга янада кулайлик яратиш максадида QR-кодли тизим қурилмалари ўрнатилди. Миноранинг 100 метр баландлигида томоша майдончаси ва 105 метр баландликда «Коинот» ресторанининг «Мовий» зали фаолият кўрсатяпти.

Иш вақти – ҳар куни 10:00 дан 20:00 гача. Чипта нархи катталар учун 35 минг сўм, 7-16 ёшгача бўлганларга эса 15 минг сўмни ташкил этади. Дам олиш кунлари нарх 5 минг сўмга ошади.

Қишки мавсумда кунига 200-300 нафар ташрифчи келади. Бошқа вақтлари эса ташриф буюрувчилар сони 1500 нафардан ҳам ошади.

100 метр баландликдаги томоша майдончасида шаҳар манзарасини томоша қилиш учун бир нечта бинокулярлар ўрнатилган. Ундан фойдаланиш учун жетон ташланади. Битта жетон нархи 2 минг сўм.

105 метр баландликдаги «Коинот» ресторани ҳар 45 дақиқада бир марта айланади. Меҳмонлар таом тановул қилиш асносида шаҳарни юқоридан тўлиқ томоша қилиб олишлари мумкин.

Муҳаббат Маъмирова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top