«Лойиҳада пастроқ қурилиши керак бўлган» – Тошкент телеминораси нега режадан баландроқ қурилганди?
Аслида лойиҳаси Ироқ учун ишлаб чиқилган, аввалига баландлиги пастроқ бўлиши режалаштирилган, қурилгач дунёнинг энг баланд телеминоралари рўйхатига киритилган Тошкент телеминораси тарихи жуда қизиқ. Унинг қурилишидан то битказилишигача бўлган тарихий тасвирларни томоша қилиш эса ундан-да мароқли. Kun.uz ушбу уникал иншоотнинг дунёга келиш тарихи, у билан боғлиқ фожиа, афсона ва ҳақиқатлар ҳақида ҳикоя қилади.
Лойиҳанинг дунёга келиши
Ироқ. Ўтган асрнинг 60-йилларида бош вазир Абдулкарим Қосим Бағдодда телеминора қуриш лойиҳасини келишиб олди. Бироқ 1963 йил 8 февралда Ироқда бошланган ҳарбий тўнтариш сабабли Абдулкарим Қосим ҳокимияти тугатилиб, Бағдод телеминораси лойиҳаси ҳам қоғозларда қолиб кетади. Иншоот макети эса Москвадаги ВДНХ (Халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси) майдонида бир неча йиллар давомида сақланади.
Айнан шу вақтлар Тошкент шаҳридаги 1956 йилда қурилган 180 метрли телеминоранинг тобора ортиб бораётган радио ва теледастурларни узатишда техник имкониятлари етмаётган, янги телеминорага эҳтиёж сезила бошланган даврга тўғри келарди. Аммо 60-йиллар сўнгида зилзиладан кейин эндигина қайта қурилган Тошкент шаҳрида режадан ташқари йирик лойиҳаларни амалга ошириш қийинроқ масала эди.
Ўша пайтдаги Ўзбекистон раҳбари бўлган Шароф Рашидов Ўзбекистоннинг алоқа вазири Дониёр Мангелдин билан Москвага қилган ташрифи давомида ВДНХ майдонидаги Бағдод телеминорасининг макетини кўриб қолади. Энди олдинда собиқ иттифоқ Марказий қўмитасидан Ўзбекистон учун сўралиши керак бўлган Тошкент метрополитени лойиҳасига телеминора қизиқиши ҳам қўшилади. Шароф Рашидовнинг расмий Москвада ҳурмати баланд эди. Шу сабабли унинг таклифи ерда қолмай, ҳар икки йирик лойиҳани амалга оширишга рухсат берилади.
Метрополитенни режалаштириш ишлари 1968 йилдан бошланган бўлса, 1971 йилнинг 1 сентябрида Ўзбекистон алоқа вазирлиги тасарруфида “Тошкент радиотелевизион узатиш маркази қурилиши дирекцияси” иш бошлайди ҳамда 7 йилдан сўнг – 1978 йилнинг апрелидан Марказий Осиёдаги энг баланд иншоот қурилишига старт берилади.
Қурилиш тарихи
Иншоотнинг қурилишида унинг жойлашув ўрни ҳам муҳим бўлиб, шу сабабли пойтахтнинг ҳам энг баланд, ҳам ўта оғирликка бардошли ер қатлами танлаб олинди. Юнусобод туманидан оқиб ўтувчи Бўзсув канали бўйидаги 6 гектар майдон телеминора қуриш учун ажратилиб, ҳудудда пойдевор учун қазиш ишлари бошланиб кетди. 11 минг кубметр бетон қоришма ва минг тонна темир арматура сарфланган 11 метр чуқурликдаги пойдевор қурилиши 4 ой давом этди.
Марказий Осиёдаги энг баланд иншоотнинг зилзилалар-у кучли шамолларга чидамлилигини таъминлаш меъморлар, қурувчилар ҳамда сифат учун жавобгарлар елкасидаги улкан масъулият эди. Қолаверса, тобора кўтарилиб бораётган миноранинг юқори қаватларида иш олиб бориш учун мамлакат тарихида биринчилардан бўлиб, махсус тиркама крандан фойдаланилди. Темир конструкциясидан кўтарилган иншоотга 540 тонна оғирликдаги 93 метрли оёқлар 10 метрли бўлакларга бўлинган ҳолатда бириктирилади. Нима учун учта ва нега бундай шаклда экани ҳақидаги далилларга эса сал кейинроқ тўхталамиз.
Режада 375 метр бўлмаган
Қизиғи, Тошкент телеминораси лойиҳасида аввалига уни 375 метр қилиб қуриш режада йўқ эди. “Известия” газетасининг 1981 йил август ойидаги сонида Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида баландлиги 371 метрли Кўктепа телеминораси қурилаётгани ҳақида мақола чоп этилади.
Шундан сўнг собиқ иттифоқ компартияси қўмитасининг секретари Асадилла Хўжаев мазкур мақолани ўша даврдаги Ўзбекистон алоқа вазирининг 1-ўринбосари Абдунаби Тоғайназаровга кўрсатиб, унга қурилиши бошланган телеминорани 375 метрга етказиш вазифасини топширади. Шундан сўнг Абдунаби Тоғайназаров янги ўзгаришлар учун Москвадан қайтадан рухсат олади, лойиҳага ўзгартишлар кириттириб, Германиядан келтириладиган махсус пўлатдан қўшимча буюртма қилиш ишларига бош-қош бўлади. Шу тариқа баландлиги бўйича ўз замонасининг дунёда тўртинчи ўринда турган Тошкент телеминораси 1985 йилда қуриб битказилади ҳамда шу йилнинг 15 январида республика ва вилоятлар раҳбарларининг йил якунлари бўйича ўтказиладиган мажлис кунига тўғрилаб, ишга туширилади.
Таққослаб кўрамиз
Телеминоранинг узунлигига кўра 375 метрни тасаввур қилиш учун бу қарийб 266 метрли 1,5 та Nest one осмонўпар биноси, ҳар бири 27 метрли 14 та устма-уст қўйилган 9 қаватли уй ёки 108 метрли 3,5 та Миллий банк биносининг бош қароргоҳи баландлигига тенг.
Унинг 6000 тонна вазни эса 7,5 мингта “Матиз” автомобили, 120 минг қоп ун ёки 37 дона энг енгил Boeing-747 самолёти оғирлигига тенг.
Иншоотни занглашга қарши бўяшда ишлатиладиган 6732 кг ҳаво рангли ҳамда 10150 кг фил суяги рангли махсус ёнғинга бардошли бўёқлар билан эса деярли 10 мингта 15 квадрат метрли уйнинг шифтини ёки худди шу ўлчамдаги 3 мингдан ортиқ хона ички деворларини бўяш мумкин. Телеминора махсус тайёргарлик ва текширувлардан ўтган мачтачи-алпинистлар томонидан йилига 7-8 йилда бир марта 2-3 ой давомида бўялади.
Мачтачилар антенна ва кабелларни ҳам таъмирлайди ҳамда 375 метр баландликдаги махсус матодан тикилган Ўзбекистон байроғини алмаштиришади. Бу ҳар 3-4 ойлик даврни ўз ичига олиб, байроқни янгисига алиштириш ва техник кўриклар вақтида телеминорадан теле-радиотўлқинлар узатиш бир неча соатга тўхтатиб турилади.
Кутилмаган фожиа
1986 йил. 20 йил олдин содир бўлган зилзиладан сўнг бутунлай қайта қурилган Тошкент шаҳридаги амалга оширилаётган бунёдкорликлар ҳақида “Ўзбекфильм” киностудиясида Пиримқул Қодировнинг “Олмос камар” романи асосида фильм суратга олинади.
Тошкент манзаралари ва бир йил олдин битказилган телеминора тасвирланган кадрлар тўлақонли чиқиши учун шаҳарни тепасидан ҳам тасвирга олиш лозим эди. Шу сабабли Тошкентдаги Туркистон ҳарбий округи раҳбарияти розилиги билан 73-ҳаво қўшинлари таркибида бўлган Ми-8 вертолёти киноижодкорлар ихтиёрига берилади. Вертолётни экипаж командири ҳарбий учувчи Валерий Лобанкин бошқаради. Бортда командирдан ташқари унинг икки нафар ёрдамчиси, бир видеооператор, командирдан илтимос қилиб бортга чиқиб олган оддий аскар ҳамда Лобанкиннинг вояга етмаган ўғли бор эди.
Ўша куни бортдагилар вертолётда тасвирчининг кинотасмаси тўлгунча шаҳар узра парвоз қилишади. Тасвирлар “Ўзбекфильм” киностудиясига етказилгач, яна кадрлар олиш учун вертолёт тушдан сўнг иккинчи марта шаҳар осмонига кўтарилади. Тошкентнинг фахри бўлган янги телеминорани ҳам суратга олиш учун унга яқинлашган пайтда учувчилар телеминоранинг юқори қисмларига юк олиб чиқиш учун мўлжалланган қалин тросни кўрмай қолишади. Оқибатда вертолётнинг парраги тросга тегиб кетиб, мувозанатини йўқотади ва пастга қулай бошлайди.
Пастлаётган вертолётда ҳеч бўлмаса Лобанкиннинг ўғлини асраб қолиш учун уни пастда оқаётган Бўзсув каналига улоқтиришади. Аммо бола каналга эмас, қаттиқ ерга тушиб ҳалок бўлади. Шунингдек, бортда қолган бошқалар ҳам фожиадан омон қолмай, вафот этади. Совет даври анъанасига мувофиқ, аксарият ҳалокатлар қаторида бу бахтсиз ҳодиса ҳам оммага ошкор қилинмаган. “Олмос камар” филмида ҳалокатга учраган Ми-8 вертолётидан туриб олинган кадрлар ҳам ишлатилган.
Қурилиши охирига етмай қолганми?
Одамлар орасида телеминора ҳақида турли фикрлар, афсона ва тўқима гаплар юради. Уларнинг баъзиларига тўхталсак. Телеминоранинг учта ён оёқларига эътибор қаратсангиз, уларнинг минорага тиркалган қисмида худди яна қўшимча оёқлар бўлиши керакдек, улар учун жой ташлаб кетилгандек кўринади. Баъзилар бу ҳолатни “иншоот қурилиши охирига етказилмаган” дея баҳолашади. Аслида эса телеминора ўз даврининг ҳамда бугуннинг ҳам уникал иншооти ҳисобланиб, ундаги ҳар бир детал алоҳида ҳисоб-китоб ва ўлчовлар асосида ишлаб чиқилган.
Аслида ярим айлана шаклидаги бу “қовурғалар” – иншоотнинг бир безаги. Тошкент телеминораси лойиҳаси баландликка бўй чўзган космик ракета тимсолида яратилган.
Яхшилаб эътибор қилинса, иншоотнинг уч таянч оёғи космик ракетани ушлаб турадиган тиркамалар, қолган учта “қовурғалари” эса ракета двигателини ифодалаш учун ясалган. Телеминора шу қадар бақувват қурилганки, уни суяб турган уч оёғининг ёрдамисиз ҳам у бемалол ўз мувозанатини сақлаб тура олишига ишонч билдирилади. Оёқлар эса суянчиқдан ҳам кўра кўпроқ ташқи дизайннинг бир элементи ҳисобланади.
Баландлиги ва оғирлигига нисбатан олсак, Тошкент телеминораси дунёдаги ҳақиқий энг катта космик ракетадан 3 баравар катта дейиш мумкин.
Трослар мувозанатни ушлаш учун эмас
Телеминора яқинидан ўтган одам ердан унинг энг юқори қисмига уланган тросларни кўради. Кимдир уларни иншоот мувозанатини ушлаб туради, деса, яна кимдир электр токини ерга узатувчи симлар, дейди. Аслида иккаласи ҳам эмас. Бу қалин пўлат арқонлар пастдан юқорига юк кўтариш учун ишлатилади. Токни ерга узатиш вазифаси ҳақида эса аллақачон иншоот қурилишида ўйланган. Телеминорани ҳатто чақмоқ урган тақдирда ҳам объектга ва унинг ичидаги инсонларга зарар етмайди.
Телеминора қимирлаб туради
Ҳақиқатан ҳам телеминоранинг энг юқори нуқтаси зилзила, кучли шамол вазиятларида 6 метр радиусда ёки умумий 12 метр масофагача қимирлаб туради. Бу ҳам лойиҳада ўйланган ва иншоотга ҳеч қандай зарар етказмайди.
Икки думалоқ ярусда икки ресторан
Телеминорада ростдан ҳам иккита панорама шаклидаги ресторан бор. Аммо улар иншоотнинг икки йирик думалоқ ярусларида эмас. Унинг биринчи катта ярусида 2 қаватли “мовий” ва “алвон” заллар жойлашган бўлиб, айни пайтда панорама йўналишида ҳаракатланиб турувчи “мовий” залнинг ресторани фаолият юритади. “Алвон” қаватда эса таъмирлаш ишлари кетяпти. Телеминоранинг юқоридаги кичик думалоқ ярусига чиқиш учун фақат хизмат ходимларигагина рухсат этилади. У ерда телекоммуникацион, радио ва метеорологик техникалар жойлашган.
Хавфли нурланиш борми?
Кўпчилик унинг радиациясидан ҳам хавотир билдиради. Аммо телеминоралар нафақат сифатли телерадиоалоқа билан таъминлаш, балки нурланишдан қочиш учун ҳам ҳудудларнинг энг юқори нуқталарида ҳамда жуда баланд қилиб қурилади. Ундан чиқаётган радиотўлқинлар узоқларга таралади. Агар хавф даражасига таққосласак, уяли алоқа телефонлари ёнгинамиздаги нурланиш манбаидир.
Узоқ йиллар давомида “ёпиқ” ҳудудлардан бири сифатида кўрилган телеминорага киришда яқин йилларда паспорт назорати тизими бекор қилиниб, турли сунъий чекловлар олиб ташланди. Натижада, унга қизиқувчи сайёҳларнинг сони йилдан йилга ошиб боряпти. Чунки пойтахтни қуш парвози баландлигидаги энг юқори нуқтадан айланма ҳаракатда томоша қилиш ва 100 метр юқоридаги ресторанда овқатланиш завқини ҳозирда фақат шу иншоотгина бера олади. 38 йилдан ошибдики, бу уникал меъморий миноранинг ҳайбат ва хайратини боса оладиган иншоот ҳали қурилгани йўқ. Ҳам миллий, ҳам замонавий, ҳам ўлмас ижодий ёндашувлар сабабли Тошкент телеминораси ўз салобатини ҳеч қачон йўқотмай, пойтахтнинг ташриф қоғози бўлиб қолаверади.
Муаллиф: Сардорбек Усмоний
Тасвирчи: Асрор Алмуродов
Тавсия этамиз
АҚШ ва Хитой ўртасидаги божхона уруши: ким ютади?
Жаҳон | 12:46 / 17.04.2025
Япониядан Италиягача – пулли йўллар ҳақидаги таассуротлар
Жаҳон | 21:50 / 16.04.2025
Туркияга алдов йўли билан чақирилган вояга етмаган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
Жамият | 17:05 / 16.04.2025
Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?
Иқтисодиёт | 20:36 / 15.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Xiaomi Redmi A5’ни тақдим этди: кучли камералар ва юқори самарадорлик янги дизайнда
Ўзбекистон | 15:00
-
«Халқаро институтлар бугун самарасиз бўлиб боряпти» – президент глобал иқтисодий ҳолат ҳақида
Ўзбекистон | 14:44
-
Латвия ўзбекистонлик ҳайдовчиларни Болтиқбўйи ва Скандинавия мамлакатларида ишга жойлаштиради
Ўзбекистон | 14:12
-
Reuters: Россия ҳарбий таъминот учун АҚШ фирмасидан фойдаланмоқчи
Жаҳон | 13:53
Мавзуга оид

19:09 / 15.04.2025
Ироқда кучли қум бўронлари кузатилмоқда. Мамлакатда авиақатновлар тўхтатилди

21:21 / 14.03.2025
Ироқда ИШИДнинг «энг хавфли жангариси» ўлдирилди

20:00 / 22.02.2025
Тошкентдаги ноқонуний қурилиш майдонида эркак зинадан йиқилиб вафот этди

17:24 / 03.02.2025