17:08 / 21.01.2020
6
24175

«Локомотив» Тошкентда Тожикистон клубига мағлуб бўлиб, ОЧЛни тарк этди

Фото: Tribuna.uz

Осиё чемпионлар лигаси плей-офф учрашувида Тошкентнинг «Локомотив» клуби Душанбенинг «Истиқлол» жамоасига қарши майдонга тушди.

 Ушбу муҳим ўйинга икки томон ҳам турлича тайёргарлик кўрганди. «Локомотив» Бирлашган Араб Амирликларида тараддуд кўрган бўлса, Тожикистон чемпиони Тошкентга келиб машғулотлар ва назорат ўйинларида майдонга тушди.

 Шу боис, Тошкентдаги ҳали кўкармаган майдонга мезбонлардан кўра, меҳмонлар тезроқ мослашиб олишди. Дастлабки бўлимда устунлик вакилларимизда бўлса-да, яққол голли вазият юзага келмади.

 Иккинчи бўлимнинг 61-дақиқасида эса ҳисобни кутилмаганда «Истиқлол» жамоаси очди. Алишер Жалилов чамаси 30 метрлардан кучли зарба билан Игнатий Нестеровни ожиз қолдириб, ҳисобни очди – 0:1.

Image

Голдан кейин Андрей Федоров шогирдлари мувозанатни тиклаш учун ҳар қанча интилишмасин, Душанбе клуби аъзолари ҳимояда анча ишончли ўйин намойиш этиб, вазиятларни бартараф этиб турди ва якунда Тошкентдан ғалаба билан қайтишди.

 Мавсумдаги дастлабки расмий баҳсда мағлубиятга учраган «Локомотив» ОЧЛ янги мавсуми билан хайрлашган бўлса, «Истиқлол» гуруҳ босқичига йўлланма олиш учун ҳал қилувчи плей-офф баҳсида майдонга тушади.

 21 январь (сешанба)
ОЧЛ-2020. Саралаш босқичи.
«Локомотив» (Ўзбекистон) – «Истиқлол» (Тожикистон) 0:1

Тошкент, 4256 томошабин.
Бош ҳакам: Ҳуссайн Абу Яҳё (Ливан).
Гол: Алишер Жалилов, 61.
«Локомотив»: 1.Игнатий Нестеров, 5.Славко Дамянович, 6.Давронбек Умиров, 7.Кахи Махарадзе, 9.Кирилл Погребняк (11.Темурхўжа Абдуҳолиқов, 63), 10.Марат Бикмаев, 17.Сардор Мирзаев, 24.Даврон Ҳошимов, 33.Олег Зотеев, 77.Диёр Турапов (23.Абдул Азиз Юсупов, 81), 80.Фарруҳ Иброҳимов.
«Истиқлол»: 1.Рустам Ятимов, 2.Марко Милич, 3.Давлатмир Табрези, 5.Искандар Жалилов, 6.Зоир Жўрабоев, 7.Виктор Свежов, 10.Алишер Жалилов, 14.Шериддин Бобоев, 17.Паншанбе Эҳсони, 21.Ларин Олексей, 63.Манучеҳр Жалилов.
Захира: 16.Дилшод Додобоев, 11.Муҳаммаджон Раҳимов, 12.Зийовудин Фузайлов, 13.Рустам Соиров, 19.Хуршед Жўраев, 25.Саидмуҳтор Азимов, 27.Жамшед Раҳмонов.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top