«105 фожиа» - Эрта она бўлган қизлар тақдири ҳақида ким қайғуради?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти статистикасида таъкидланишича, ривожланаётган давлатларда ҳар йили 15-19 ёшдаги тахминан 16 миллион қиз она бўлади. Шундан 2,5 миллион кишини 16 ёшдан кичик қизлар ташкил қилади.
«Ҳомиладорлик ва туғруқ вақтидаги қийинчиликлар дунё бўйича 15-19 ёшли қизларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлиб келмоқда.
Бундан ташқари, 10-19 ёшли она бўладиган қизларнинг кўпчилигининг ҳаёти 20-24 ёшлилар билан солиштирганда хавф остида бўлади», дейилади ЖССТ маълумотида.
133/105
Хотин-қизлар қўмитаси тақдим этган маълумотга кўра, Ўзбекистонда 2018 йилда жами 750 минг туғруққа 133та эрта туғруқ ҳолати тўғри келган.
2019 йилнинг 10 ойи статистикасига кўра эса, 650 минг туғруққа 105та эрта туғруқ қайд этилган. Бунда эрта она бўлганлар ёши 17 ёшгача ҳисобланади.
Турли нашрларда жисмоний ва руҳий жиҳатдан она бўлишга ҳали тўлиқ тайёр бўлмаган қизларнинг фарзандли бўлгани ҳақида хабарлар чиқиши одатга айланиб қолган.
«Фалон ҳудудда мактаб ўқувчиси она бўлди», «Фалон мактабнинг 8-синф ўқувчиси чақалоғини ҳожатхонада дунёга келтирди» деган «жимжимадор» сарлавҳалар билан ижтимоий тармоқларда айланадиган хабарларда баъзан қизларнинг аноним маълумотлари ҳам жамоатчиликка очиқланмоқда.
Бироқ бундай қизларга ҳам барча ҳуқуқларга эга инсон сифатида қаралиши, бундан кейин ҳаётга тезроқ мослашишлари, ўз ўрнини топишлари учун уларга қандай ёрдам берилиши керак?
Уларга тегишли ахборот билан ишлашда нималарга эътибор қаратилиши зарур?
Шахсий маълумотни тарқатиш мумкин эмас
Ички ишлар вазирлиги берган маълумотга кўра, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз, қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш мумкин эмас.
Агар шундай ҳолат аниқланса, бу ҳолат уни содир этган шахсга «Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 461-моддасига кўра базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Зўравонликка учраган шахсларни реабилитация қилиш марказлари ишламоқда
Гулжамол Асқарова
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўлими бош мутахассиси:
— Узоқ йиллик тажрибага суянган ҳолда айта оламанки, агар қизнинг номуси, шаъни билан боғлиқ бирор нохуш ҳолат рўй берса, Хотин-қизлар қўмитаси биринчи навбатда ёрдамга боради. Бу ҳол рўй бергунга қадарчи?
Ҳолат содир бўлгунга қадар ишлар биргина жамоат ташкилотининггина иши эмас, ҳар биримизнинг вазифамиз, аслида.
Ота-она, жамият, жамоатчилик, масъул ташкилотлар - ҳамма масъул. Бу борада турли профилактика ишлари ҳам олиб борилади, бироқ бу – ҳаёт. Унда иллатли ҳолатлар бўлиб туради.
Шунинг учун ҳам Хотин-қизлар қўмитаси қошида зўравонликка учраган шахсларни реабилитация қилиш марказлари очилди. Айни пайтда республика бўйича 197та шундай марказ мавжуд.
Марказларнинг мақсади бошига иш тушган инсоннинг руҳияти билан заргарона ишлаш ва ҳаётга қайтаришдир.
«Ҳамма нарса ахлоқсизликка бориб тақалмайди, истисноли ҳолатлар ҳам бор...»
Яқинда қўмитага «Қизларимизнинг ахлоқи бузилиб кетаётгани туфайли эрта туғруқ ва эрта турмуш ҳолатлари кўпайиб кетяпти», деган мазмундаги мурожаат келди.
Лекин билишимиз керакки, қизлар ҳаётидаги нохуш ҳолатлар фақатгина ахлоқсизлик туфайли содир бўлмайди. Масалан, 2019 йилнинг 10 ойи давомида 105 нафар эрта туғруқ ҳолати қайд этилган. Бу - 105 фожиа дегани. Бироқ, бу ҳолатларнинг, эҳтимол, 3таси ахлоқсизлик туфайли содир бўлгандир, лекин мана шу сонларда зўравонлик оқибатида ҳаёти бузилган қизлар улуши кўпроқ. Ҳозир реабилитация марказлари мана шу қизлар билан ҳам ишлашга, уларга ёрдам беришга имкон қадар ҳаракат қилмоқда.
Ташкил этилганидан буён марказларга мурожаат этган хотин-қизлар сони 17 минг 766 нафарни ташкил этди. Шу даврда мурожаат этганларнинг 2747 нафарига тиббий ёрдам, 5295 нафарига психологик ёрдам, 3556 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, 2121 нафарининг иш билан бандлиги таъминланган.
Бир пайтлар зўравонликка дуч келган, номуси топталган қизлар билан боғлиқ ишларни «қиз ўз хоҳиши билан рози бўлган» деган тамға остида ёпиб юборилган ҳолатларни ҳам кузатганмиз.
Лекин ҳозир реабилитация марказлари мана шу каби ҳолатларга йўл қўймасликка, нафақат аёлни психологик тиклаш, балки ҳуқуқини ҳимоялаш орқали имкон қадар ёрдам беришга ҳаракат қиляпти.
Қиз шаъни муҳимми ёки қасд?
Яқинда ота-она юқори лавозимда ишлайдиган танишининг ўғлидан фарзандли бўлган қизи ҳақида маълумот беришдан бош тортди. Ҳар қанақа даъво аризалари беришни рад қилишди. Чақалоқ эса тегишли ташкилотлар томонидан бошқа оилага фарзандликка бериб юборилди. Ёрдам беришга ҳаракат қилган ташкилотларга ота-она томонидан рад жавоби берилди.
Кейин бир қанча вақт ўтиб ота-оналар бир-бири билан келиша олмай қолгач, қизнинг ота-онаси ҳатто фарзанди ҳақидаги барча маълумотларни очиқлашга, мансабдор танишини шу йўл билан ишдан бўшатишга ҳаракат бошлашди.
Бу ҳолатда ота-она қизининг шаънини ўйламади, ололмаган қасдини ўйлади, тарафкашлар ўз манфаати йўлида шу оилани ва ўша қизни хароб қилди. Бу каби ҳаммага ҳам маълум бўлмаган, чуқур таҳлилларни талаб этадиган ҳолатлар ҳам бор.
«Тескари таъсирдан эҳтиёт бўлиш зарур»
Одамлар зўравонликка дуч келган хотин-қизлар ҳақида маълумот олишга, тарқатишга жуда қизиқишади. Лекин бундай маълумотлар жамиятга тескари таъсир беришини ҳам жиддий ўйлаб кўриш зарур.
Кичиклигимда мактабимизда бир ўқувчи симни розеткага тиқиб синаб кўраётган пайтида ток уриб вафот этганди. Шу воқеа ҳақида мактабда ва маҳаллада шу қадар кўп гапирилгандики, ўша боланинг ток уриши воқеаси қанақа бўлгани бизни жуда қизиқтириб қўйганди. Охири ўша муҳокамалар таъсирида мен ва укам бир кунда мана шу ток уриш ҳолатини ўзимизда синаб кўрганмиз...
Инсон психологияси, айниқса, ўсмирлар руҳияти билан жуда нозик ишлаш керак, соҳанинг ўз эгалари ишлаши керак.
Жарбланганлар ҳақида нопрофессионал ёндашиб ахборот тарқатиш керак эмас...
Баъзида реабилитация марказларидаги ҳолатларни ўрганиш учун борганимизда хотин-қизлар айрим журналист ёки блогерлар улар ҳақида материал тайёрлаб, юзларини озгина беркитган ҳолда тарқатиб юборишганидан шикоят қилишади.
«Мени овозимдан таниб қолишди. Энди нима деган одам бўлдим...», - дея дардларини айтишади.
Ўзбекистонда айнан мана шу турдаги жабрланганлар, уларга тегишли ахборотлар билан ишлаш бўйича механизм шаклланиш палласида. Бу борадаги тажрибалар ортиб, механизм тўлиқ шаклланиши учун вақт керак.
Бундай ҳолларда ўзи шундоқ ҳам жабр чекиб турган инсонларга яна жабр қилиб, улар ҳақидаги маълумотларни нопрофессионал ёндашув билан тарқатиб юбориш эса яхши эмас.
Зўравонликдан жабрланган шахс ҳақида маълумот тарқатишнинг тартиби бор
Кимдир зўравонликдан жабр чеккан қизни кўчада учратиб қолди, дейлик. Агар у ахборот тарқатиш фаолияти билан шуғулланадиган инсон бўлса, (бўлмаса ҳам) дарҳол қиздан маълумот олишга, тарқатишга ҳаракат қилади. Бу жараёнда қиз ҳаётига тегишли маълумот жамоатчиликка очиқланиб кетиши мумкин.
Ваҳоланки, уларга тегишли маълумотнинг сақланиши қонун билан кафолатланган.
«Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 30-моддасида ҳам бу нарсага алоҳида тўхталиб ўтилган.
«Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади», дейилади қонунда.
Хотин-қизлар қўмитасининг ахборот тарқатувчи шахслардан катта илтимоси шуки, реабилитация марказларидан маълумот олаётганда имкон қадар ахборотнинг махфийлигига, жабрланган инсонларнинг шахсий ахборотлари тарқалиб кетмаслигига эътиборли бўлишсин.
Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бу борада махсус илтимоснома билан ҳам чиқди.
«Мен юрганим учун яхшиман…»
Баъзида аёлларнинг яқинлари томонидан инкор қилиниши ҳолатлари учраб туради. Эрининг айбини бўйнига олиб қамоқда ўтириб чиққач кўчада қолган аёллар, яқинларига борини бериб ҳеч вақосиз қолган аёллар...
Шу пайтда Ҳалима Худойбердиеванинг: «Мен юрганим учун яхшиман...» деган сатрини эслайман, яъни оёғим тагида шамол ўтиб, ўзимни эплаб юрганим учун яхшиман, акс ҳолда кераксизман, дейиляпти! Даҳшатли ҳақиқат!
Шундай ҳолатларда аёл 2 нарса учун: соғлиги ва ҳуқуқи учун аввало ўзи курашмоғи кераклигини тушуниши шарт, деб ўйлайман.
«Ота-она фарзанд олдида масъулдир…»
Ҳомиджон Ишматбеков
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари:
— Аллоҳ таоло фарзандни ота-она учун омонат қилиб берган. Унинг таълим-тарбияси учун ҳам ота-она масъул ҳамда бунинг учун қиёмат кунида ҳам Аллоҳ таоло ҳузурида, албатта, жавоб беради.
Фарзанд тарбиялаётган ота-она ҳар бир ҳаракати, юриш туриши, муомаласи, бошқалар билан ўзаро муносабатида фарзандларига намуна бўлиши керак. Чунки бола табиатан ниҳоятда тақлидчан ва кузатувчан бўлади. Шунинг учун унинг атрофдагилари ўз одатлари билан баъзан ўзлари сезмаган ҳолда уларга таъсир қилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бирингиз мутасаддидир ва ҳар бирингиз қўл остидагилари учун масъулдир» деганлар (Муттафақун алайҳ).
Яна бир ҳадисда «Бирорта ота ўз фарзандига одоб-ахлоқдан афзалроқ мерос беролмайди», деб марҳамат қилинган.
Демак, ҳар бир ота-она аввало фарзанди учун қилинадиган ўз зиммасидаги вазифаларини яхши адо қилиб, фарзандига дин-у диёнат, ҳалол-ҳаром ва шариатимиз рухсат берган ва маън қилган нарсаларни ўргатиши керак.
«Никоҳ – барча муаммоларнинг ечимидир...»
Умумий маънода динимизда мўмин-мусулмонлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро муҳаббат мақталади, тарғиб қилинади. Аллоҳ таоло мўъминларни Қуръони каримда «ихва» яъни, ака-укалар деб атаган.
Ҳатто дунёда бир-бирини Аллоҳ йўлида яхши кўрган дўстлар қиёмат куни соя йўқ пайтда Аршнинг соясида бўлишлари ҳадисларда таъкидланган. Бу ердаги дин қардошлиги эркаг-у аёлни ўз ичига олади. Аёллар мўъминларга диндош опа-сингил ҳисобланадилар. Уларга динимиз белгилаб берган чегарада муомала қилишимиз айни муддаодир.
Номаҳрам эркак ва аёл яқин дўст бўлишларига келсак, бунинг энг маъқул ечими – никоҳдир. Никоҳдан кейин уларнинг ўзаро дўстликлари, муҳаббатлари ибодатга айланади, улуғ савоб бўлади. Бу Аллоҳ таолонинг ислом умматига берган имтиёзи ва ундан фойдаланиш керак.
Лекин никоҳсиз бундай дўстликнинг охири яхшиликка олиб келмайди, албатта. Чунки бундай «дўстлик» кўпинча зинога олиб келади, натижада никоҳсиз фарзандлар дунёга келади. Бундай фарзандлар аксар ҳолларда туғилмасдан «ўлдирилади» ёки чекка жойларга, чиқиндихоналарга ташлаб кетилади. Гуноҳ устига гуноҳ, разолат устига разолат бўлади.
Бу мавзуда тўғри ечим шуки, нафсимизни қўйиб, ҳақ йўлга эргашиш лозим, зеро Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «...Бас, сизларга Мендан ҳидоят келганда, ҳидоятимга эргашганларга хавф йўқдир ва улар ташвиш ҳам чекмайдилар» (Бақара сураси, 38-оят).
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шариатда эркаг-у аёл умуман гаплашиши мумкин эмас, деган хулоса чиқмайди. Динимизда номаҳрам эркак ва аёллар ўртасидаги муносабатлар: ҳужжатларни расмийлаштириш, савдо, ижара, қарз олди-бердиси, таълим бериш, даволаниш ва шу каби ишларда, зарурат миқдорича гаплашишга рухсат берилган.
Бундан ташқари, динимизда оила қуриб яшаш савобли амаллардан бири ҳисобланиб, уни қандай ташкил қилиш, унинг бошлиғи ким бўлиши, аъзоларининг ҳуқуқлари, фарзандлар тарбияси, аъзолари ўртасида чиқадиган келишмовчиликларни муолажа қилиш каби оилавий ҳаётнинг барча масалаларига жавоб берилгандир.
Аллоҳ таоло никоҳ асосида яшаш инсоний фитратга мувофиқ эканини эслатиб, шундай марҳамат қилган: «Сизлар эслатма олишларингиз учун Биз ҳар бир нарсани жуфт-жуфт қилиб яратдик» (Зориёт сураси, 49-оят).
Демак, Аллоҳ таоло борлиқдаги барча нарсаларни жуфт-жуфт қилиб яратган.
Аллома Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий раҳматуллоҳи алайҳ мазкур оятнинг тафсирида бундай деганлар: «Оятда қарамоғида бўйдоқ йигит ёки бўйига етган қизлари бор кишиларга: «Уларни никоҳлаб, сарф-харажатларига ёрдам беринглар, шунда ўғил-қизларингизнинг иффатларини сақлаб қолурсизлар!», деб буйруқ берилмоқда».
Ҳанафий мазҳабимизда киши уйланиб, ҳаётини иффат ва покизалик билан ўтказиши уйланмасдан умрини нафл ибодатда ўтказишидан кўра афзалдир дейилган.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам оила қуришга тарғиб қилиб, яъни: «Никоҳ менинг суннатимдир. Ким мени суннатимга амал қилмаса, мендан эмас. Турмуш қуринглар! Зеро, мен қиёмат куни сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман» (Имом Ибн Можа ривоятлари).
Хулоса
Бир инсоннинг туғилиб то вояга етгунга қадар бўлган барча босқичларда ота-онадан бошлаб, бутун жамиятнинг ҳам зиммасида унинг тарбиясига ва ҳаётига жавобгарлик масъулияти бўлади. Чунки ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ.
Кимнингдир ҳаётида нохуш вазият содир бўлмаслиги учун биримиз ота, она ёки опа, ука, сингил, дўст сифатида масъулмиз.
Агар содир бўлса ҳам, уларнинг ҳаётга қайтишига ҳам нимадир қилиш ёки қилмаслик орқали ёрдам берайлик.
Зилола Ғайбуллаева
Тавсия этамиз
“Ўргимчак тўри”: Украина қўлидаги карталардан бирини очди
Жаҳон | 21:12 / 04.06.2025
Дунёда фақат бир мамлакат ўзини озиқ-овқат билан тўлиқ таъминлаши маълум бўлди
Жаҳон | 18:47 / 04.06.2025
Исландия собиқ президенти миллий боғга гид бўлиб ишга жойлашди
Жаҳон | 21:25 / 03.06.2025
Урушлар энди ўзгача: «Ўргимчак тўри» операцияси ҳақида
Жаҳон | 22:27 / 02.06.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Ҳиндистонда сарой биноси остидан яширин кутубхона топилди
Жаҳон | 22:12
-
Тўққизта ҳудудда сел келиш хавфи эълон қилинди
Ўзбекистон | 22:10
-
Янги Ўзбекистон кўчасини ободонлаштиришга 81,5 млрд сўм ажратилади
Ўзбекистон | 22:02
-
5 июн янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа ва ҳодисалар
Ўзбекистон | 21:58
Мавзуга оид

18:54 / 05.05.2025
Самарқандда аёл 7 ойлик чақалоғини кўчага ташлаб кетди

07:42 / 02.05.2025
БМТ: Исроил блокадаси туфайли Ғазодаги чақалоқларнинг 92 фоизи асосий озиқ-овқатдан маҳрум

14:07 / 14.04.2025
Россияда мушкул аҳволда қолган оила Ўзбекистонга қайтарилди

23:08 / 10.04.2025