Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Коронавируслар қаердан пайдо бўлади ва улар нега бунчалик хавфли?
Хитойда 2019-nCoV коронавирусидан зарарланганлар сони 3 мингга яқинлашди. Ўлим ҳолатлари ҳам ўсмоқда - сўнгги маълумотларга кўра, қурбонлар сони 81 нафарга етди.
Шу кунларда Хитойда тарқалаётган вирус шифокорларга аввалдан маълум бўлган.
У коронавируслар оиласига мансуб бўлиб, бундай вируслар аввал ҳам бир неча марта хавфли касалликларни келтириб чиқарган - масалан, 2003 йилдаги ўткир респиратор синдроми (Sars), 2012 йилдаги Яқин Шарқ респиратор синдроми (Mers). Биринчи вирус уни юқтириб олганларнинг 9 фоизини ҳаётдан олиб кетган, иккинчи эпидемия вақтида беморларнинг 35 фоизи вафот этган.
Қуйида бундай вируслар нега кутилмаганда тарқалиши ва улар нега бу қадар хавфлилиги ҳақида сўз юритилади.
Хавфли коронавируслар қаердан пайдо бўлади?
Sars, Mers ва 2019-nCoV коронавируслари тарқалиши авж олишида вирус ташувчилар одамлар эмас, жониворлар бўлади. Ҳайвонлар инсон учун хавфли бўлган жуда кўп вирусларни ташувчи ҳисобланади, лекин хайриятки ҳайвондан инсонга вирус юқиши камдан-кам ҳолларда кузатилади.
«Турлар фарқи деган тўсиқ мавжуд ва шу туфайли вирус юқмайди. Аммо кимнингдир иммунитети жуда кучсизлик қилганида ёки вирус ҳайвондан одамга ўтишига шароит бўлган бошқа омиллар мавжуд бўлганида камдан-кам кузатиладиган инфекция ҳолати юз бериши мумкин», - дейди Варвик университетидан бўлган Эндрю Истон.
Одатда хавф вируснинг ноодатий мутациясига боғлиқ бўлади.
«Қоидага кўра, ўзи учун янги, ғайриоддий муҳитда яшаб кетиши учун муайян даражада ўзгариши керак бўлади», - дейди олим.
Коронавирус одамга юққан камдан-кам ҳолларда вазият кескинлашиши мумкин.
Қайд этиш керакки, барча коронавируслар ҳам жуда хавфли эмас: инсон аҳён-аҳёнда унинг агрессив кўринишларига дуч келади. Аммо бир турдан бошқасига ўтган вирус катта хавф туғдириши мумкин.
«Турлараро» коронавируслар инсон учун нега бунчалик хавфли?
«Қачонки вирус бир турдан бошқасига ўтганида воқеалар ривожи қандай кечишини билиб бўлмайди. Вирус бегона муҳитда жойлашиб олса, янада кучайиши мумкин», - дейди Эндрю Истон.
Гап шундаки, вирус бехосдан ҳайвондан инсонга ўтганида, инсоннинг иммун тизими бу вирусга қарши курашишга тайёр бўлмайди, чунки аввал бу вирусга тўқнашмаган бўлади. Бундай вирус қаршисида инсон ожиз қолади.
Грипп вируси бир турдан бошқасига ўтган ҳолатларда ҳам шундай муаммо кузатилади.
Энг хавфли грипп пандемияси 1918-19 йилларда рўй берган. Ўшанда грипп қушлардан юқтирилган, деб ҳисобланади. Ўшанда «испанка» қурбонлари сони 50 млн кишини ташкил этганди.
Ҳозирги коронавирус бундай оғир эпидемия келтириб чиқариши ҳақида аниқ далиллар йўқ, аммо вирус жонивордан одамга ўтган аввалги ҳолатларнинг оқибатлари шифокорларни хавотирга солиб қўйган.
Коронавирус жуда тез тарқаладими?
Яхши хабар шундаки, вирус ҳайвондан инсонга ўтганидан кейинги дастлабки даврда одамдан одамга тез тарқалмайди. «Бу вирус учун яна бир тўсиқ», дейди Эндрю Истон.
Аммо биринчи босқичдан ўтиб олганидан кейин вирус тез тарқала бошлайди ва агар бу рўй берса вазият жуда жиддийлашиб кетади.
«Вируслар, шу жумладан коронавируслар, жуда юқори тезликда мутация бўлади», дея қайд этган олим.
Мутация вирусга одамлар ўртасида жуда кенг тарқалишга имкон беради - бу қисқа муддат ичида катта ҳудудни эпидемия қамраб олиши мумкинлигини англатади.
Хитойда пайдо бўлган вирус ҳам мутацияга учради ва энди бор эътиборни унинг тарқалиши олдини олишга қаратиш керак.
«Агар вирус иммунитети кучсиз одамни зарарласа, бу одам янада кучсизланади. Шу билан биргаликда, соғлом одам унга қарши кураша олиши мумкин. Баъзи вируслар жуда тезлик билан, баъзилари эса секинлик билан юқади. Ҳозирда очиқ турган саволлардан бири - бу янги коронавирус қайси типга киришини аниқлашдир», - дейди профессор Истон.
Вирус тарқалаётганда нима қилиш керак?
Ёмон хабар шуки, вирус тарқалишини ҳамиша ҳам дори воситалари билан тўхтатиб бўлмайди. «Вирусга қарши самарали препаратлар жуда кам», - дея огоҳлантиради эксперт.
Қатор оддий ва шу билан биргаликда самарали бўлган чоралар ҳам бор - қўлни ҳамиша совунда ювиб юриш ва тиббий ниқоблардан фойдаланиш.
«Гигиенанинг асосий қоидаларига риоя этиш жуда фойдалидир. Бу қоидалар ўзимизни ва бошқаларни кўплаб касалликлардан асрашга ёрдам беради, айни вақтда бу арзон ва самарали кураш воситаси, ҳозирча бу вирусга қарши вакцина йўқ», - дейди олим.
Вирусни юқтирганларни қандай даволаш жуда муҳим.
«Яна бир муҳим жиҳат - инфекциядан зарарланган одамларни тезда аниқлаш ва улар бошқаларга вирусни юқтирмаслиги учун ҳаракат қилиш. Бу вирус тарқалишининг олдини олишга ёрдам беради», - дейди Эндрю Истон.
Sars ва Mers коронавируслари пайдо бўлганида уларнинг тарқалишининг олдини олиш учун ўз вақтида халқаро миқёсда таъсир механизмлари ишлаб чиқилганди.
«Биз бундай ҳолатларга аввал ҳам бир неча бор дуч келганмиз, энди эса тезроқ қарор қабул қилиш керак», - дейди Эндрю Истон.
Шифокорлар олдинги коронавируслар тарқалган вақтда орттирилган тажрибалар ва хулосалар ҳозирги вирусга қарши чора қўллашда қўл келишига умид қилишмоқда.
Мавзуга оид
18:37 / 21.09.2025
COVID-19 пандемияси бошланишини ёритган хитойлик журналист 4 йилга қамалди
15:47 / 06.08.2025
АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги мРНК-вакциналари учун маблағни қайтариб олди
21:02 / 24.07.2025
Олимлар COVID-19 пандемияси одамларнинг миясини қаритганини аниқлади
17:18 / 05.07.2025