Жамият | 14:25 / 04.02.2020
4941
2 дақиқада ўқилади

Сирдарёда қарийб 60 млн сўмлик электр симлари ўғирлаб кетилди

Сирдарё вилояти Ховос тумани ҳудудида нархи 59 574 635 сўмлик электр симлари ўғирлаб кетилди

Фото: Тергов департаменти

2020 йил 2 январь кунидан 27 январь кунига қадар бўлган даврда номаълум шахслар Ховос тумани ҳудудида жойлашган хорижий корхонага тортилган умумий узунлиги 1.100 метр бўлган жами нархи 59.574.635 сўмлик электр симларини яширин равишда талон-торож қилиб, ўғирлаб кетган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментига кўра, мазкур ҳолат юзасидан Ховос тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми “б” банди (анча миқдорда содир этилган ўғирлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида ушбу жиноятни Янгиер шаҳрида яшовчи 21 ёшли Ш.Р. ва 20 ёшли А.А. содир этганлиги аниқланиб, улардан 200 метр узунликдаги симлар ҳамда бир дона темир аррача ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган. 

Р.Ш. ва А.А. гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Мавзуга оид