13:20 / 06.02.2020
0
6200

Қозоғистон Ўзбекистонга атом энергияси бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф этди

Қозоғистон атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф этди

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

2020 йил 5 февралда Ўзбекистон Энергетика вазирлигида Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиий ресурслар вазири М. Мирзагалиев бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди.

Энергетика вазирлиги матбуот хизматига кўра, учрашув давомида атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар ахборот соҳасида ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларни ривожлантириш ва атроф-муҳитга, шунингдек, атом энергиясининг экологияга таъсирини баҳолаш бўйича ҳамкорлик мавзуларига тўхталди.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши бўйича лойиҳанинг амалга оширилиши, умуман давлат ядровий-энергетика дастурини амалга ошириш ва ядровий инфратузилмани яратиш, шунингдек ядровий хавфсизлик соҳасидаги халқаро ҳуқуқий воситаларни имплементация қилиш бўйича кўрилаётган чоралар тўғрисида батафсил маълумот берилди. 

Хабар қилинишича, халқаро меъёрлар ва МАГАТЭнинг талабларига мувофиқ яқин келажакда Ўзбекистон ва қўшни давлатлар ҳудудида, шу жумладан, Қозоғистонда Ўзбекистон АЭС иншоотларини жойлаштириш ва улардан фойдаланишга доир фаолиятнинг атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш бўйича жамоат эшитувлари ўтказилиши кутилмоқда. 

Қозоғистон томони қўшни давлат томонидан атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича қабул қилинаётган чораларни ижобий баҳолади ва бундан буён атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилишни таклиф этди. Учрашув натижаларига кўра ушбу йўналишда биргаликда иш олиб бориш бўйича келишувга эришилди, дейилади хабарда.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top