Жамият | 18:21 / 10.02.2020
20013
6 дақиқада ўқилади

Фуқаролик паспортини фақат ИИВ расмийлаштириши керакми?

Секин-асталик билан кўплаб давлат хизматлари ДХА марказлари орқали бажарилиш имкониятлари яратилмоқда. Бу қувонарли ҳол, албатта. Аммо баъзи жуда зарур давлат хизматлари ҳам борки, уларга ҳар бир фуқаро умрида камида бир марта дуч келади. Масалан, «загран» паспорт ёки фуқаролик паспортини расмийлаштириш.

Айниқса, Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи «прописка»сиз фуқаролар учун бу анча «бошоғриқ» жараёнга айланган. Технологик ривожланиш, «рақамли иқтисодиёт» ҳақида кўп гапирамиз-у, бирламчи масалалар ҳал қилиниши пайсалга солинмоқда.

«Паспорт столи» режими йиллар давомида ўзгармай келяпти. Фуқаролар ҳануз пойтахтдаги иш, ўқишини ташлаб, доимий яшаш ҳудудига бориб, паспорт расмийлаштиришга мажбур бўлмоқда. Ҳам вақтидан, ҳам нақдидан кечишга мажбур бўлаётган халқ учун қулайликлар қаерда қолади?

Саволлар кўп, жавобни қидириб кўрамиз. Одамларнинг миллионлаб пуллари кўчага сарфланишига сабаб бўлаётган жараёнга масъул ташкилотлар қандай муносабатда?

«Вақтинчалик турар жойидан «загран» паспорт олиш кўриб чиқиляпти»

ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқарма бошлиғи ўринбосари Нодир Зияев:

«2019 йилнинг январь ойидан бошлаб миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан хорижга чиқиш биометрик паспортлари расмийлаштириб берилмоқда. Фуқароларга енгиллик яратиш мақсадида амалдаги меъёрий-норматив ҳужжатларга тегишли ўзгартишлар, яъни фуқароларни вақтинчалик ҳисобга олинган жойлардаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмалари томонидан хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш имконияти яратилади. Ҳужжат лойиҳаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан кўриб чиқилмоқда. Кекса, ўзгалар парваришига муҳтож, ҳаракатланиши чегараланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга биометрик паспортни расмийлаштириш ва бериш уларнинг доимий яшаш жойига чиқиш орқали мобил қурилма билан амалга оширилмоқда».

«Президент қарорида Тошкентда вақтинча яшайдиганлар манфаати инобатга олинмаган»

Давлат хизматлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бош маслаҳатчиси Ойбек Ҳасанов:

«2019 йил 26 декабрда «Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш ва бериш тизимини яратиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси биометрик паспорт тизимини модернизация қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарори қабул қилинди. Унда Тошкент шаҳрида вақтинча истиқомат қилувчилар манфаати  инобатга олинмаган. Қарорнинг 17-бандида фуқаролар хорижга чиқиш биометрик паспортини олиш учун доимий рўйхатда турадиган жойларидаги маълумотларни йиғиш пунктига ёки консуллик рўйхатига олинган маълумотларни йиғиш пунктига мурожаат қиладилар, деб белгиланган. Шу тизимни электрон онлайн тарзда жорий қилиш мумкинмиди?

«Давлат хизматлари ягона реестрини тасдиқлаш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг қарори қабул қилинди. Бу қарор иловасида «Ўзбекистон Республикаси фуқаросига биометрик паспорт бериш» 97-банд билан давлат хизмати сифатида эътироф этилган. Шундай бўлса-да, «загран» паспорт ва фуқаролик паспортини расмийлаштириш Ўзбекистон ҳудудида давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ягона сиёсатни амалга оширувчи ташкилот (Ўзбекистон Республикаси ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги) зиммасига юклатиш масаласи очиқ қоляпти.

«Загран» паспортни ДХА орқали бериш режалаштирилган»

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизмат агентлигининг маълумот беришича, фуқароларга хорижга чиқиш ва фуқаролик паспортларини расмийлаштиришни давлат хизматлари марказлари орқали жорий этиш режалаштирилган. Келгусида ваколатли органлар билан биргаликда ушбу масала кўриб чиқилади. Ҳозирча бу хизмат жорий этилмаган.

Энди нима қилиш керак?

Кўриниб турганидек, «загран» паспорт масаласи ҳали-бери ўзгармаса керак. Икки ташкилот ҳам аниқ фикр айтмаяпти. ДХА ва ИИВ ўзаро келишиб, фуқаролар қулайлиги масаласини ўйлаб кўриши керакдир, балки. Ҳайдовчилик гувоҳномаси каби «загран» паспортни иккала идорадан олиш шароитини яратиш лозим. Бошқача айтганда, фуқароларга танлов имкониятини бериш керак.

Яқинда ўзим доимий яшаш ҳудудимдаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бориб, «загран» паспорт расмийлаштирдим. Ишлаш тартиби жуда оддий. Давлат хизматлари агентлиги марказларида ҳам худди шундай техник имкониятларни етарли. Асосий вазифа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат Персоналлаштириш Маркази томонидан амалга оширилади. Демак, бу ўринда миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари фақатгина воситачи вазифасини бажармоқда. ДХА марказлари ҳам жараёнда биргаликда фаолият олиб бориши учун ҳеч қандай монелик бўлмаслиги керак. Хавфсизлик нуқтайи назаридан бу ваколат ҳозирча ИИВда қолдирилиши керак, деган фикр билдирилиши аниқ. Бунга ҳам таклиф бор: ДХА марказларида миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари очилиши керак. Фуқаро хоҳласа ўзи доимий яшаш ҳудудидан, хоҳласа исталган ДХА марказларидаги миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларидан паспорт олиш тизимини йўлга қўйиш вақти келди.

Кейинги йили «паспорт стол» мавзуси янада долзарблашади. 2021 йилда биометрик паспортнинг амал қилиш муддати тугайди ва миллионлаб фуқаролар яна сарсонгарчиликни бошдан кечиришига тўғри келади. Бу масалада икки ташкилот алоҳида қутбларга ажралмасдан якдиллик билан ҳаракат қилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Давлат хизматлари ягона реестрида фуқаролик паспортини алмаштириш ва чет элга чиқиш рухсат ёзуви (стикер) (эндиликда хорижга чиқиш биометрик паспорти)ни расмийлайтириш давлат хизмати, дея эътироф этилган. Демак, ИИВнинг бу ваколати ДХАга ўтказилиши учун ҳуқуқий асос бор.

Нега бу жараённи амалга ошириш ҳануз пайсалга солинаётгани катта сўроқ остида қолмоқда. «Ҳаммаси инсон манфаатлари учун!», деган гаплар фақат оғизда ва қоғозларда эмас, амалиётда ҳам кўринсин.

Муҳаббат Маъмирова

Мавзуга оид