Жамият | 18:18 / 12.02.2020
4730
2 дақиқада ўқилади

ЖССТ вакили Ўзбекистоннинг силга қарши курашиш борасидаги фаолиятини эътироф этди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюге Ўзбекистонга ташрифи доирасида Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази фаолияти билан ҳам яқиндан танишиб, бу ерда беморлар учун яратилган шароитларга юқори баҳо берди.

«Ўзим 20 йил муқаддам силга қарши курашиш лойиҳаси доирасида Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ ва Қўнғирот туманларида иш олиб борганман. Орадан 20 йил ўтди. Натижалар жуда ажойиб. Ўйлайманки, Ўзбекистоннинг бундай тажрибасини бошқа мамлакатларга ҳам намуна сифатида тавсия қилган бўлардим», дея унинг сўзларини келтирмоқда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

«Меҳмон Ўзбекистоннинг сил касаллигига қарши курашда эришган натижаларини эътироф этиши бежиз эмас. Давлатимиз раҳбарининг «Ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология ёрдами кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ҳамда ушбу ҳужжат билан қабул қилинган «2019 – 2021 йилларда сил ва ўпканинг носпецифик касалликлари тарқалишига қарши курашиш комплекс чора-тадбирлари» дастури соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда сил касалликларини даволаш бўйича юқори натижалар қайд этилмоқда. Хусусан, даволаш самарадорлиги 87 фоизга етказилди. Дунёда ушбу кўрсаткич 85 фоиз эканини инобатга олсак, мазкур натижа кўлами янада яхшироқ англашилади. Яна бир эътирофли жиҳати, ЖССТ маълумотига кўра, силга қарши олиб борилган тадбирларнинг натижалари бўйича Ўзбекистон фтизиатрия хизмати Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Европа ҳудудига кирувчи 53 мамлакат орасида иккинчи ўринни эгаллаб, кучли учликдан ўрин олди», дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарида.

 

Мавзуга оид