Жамият | 22:07 / 13.06.2022
19567
7 дақиқада ўқилади

Сил диспансерининг койкалари поликлиникага зарарсизлантирмай олиб келинганми?

Андижон вилояти сил диспансерининг 10та кровати Асака туманидаги 10-оилавий поликлиникага келтирилиб, Kun.uz суриштируви фонида яна қайтариб олиб кетилди. Койкалар сил таёқчаларининг тарқалиш хавфига қарамай дезинфекция қилинмагани айтилмоқда. Буни рад этаётган масъуллар санитария қоидаларида белгиланган, дезинфекцияни тасдиқловчи ҳужжатни тақдим эта олмаяпти.

Сил – юқумли ва инсон ҳаёти учун хавфли касаллик, буни ҳаммадан ҳам тиббиёт ходимлари яхши билади. Бироқ Асака туманидан келган мурожаатда тиббиёт ходимларининг ўзлари беморларга хавфли касаллик юқиши учун шароит яратиб бераётгани айтилади.

Мурожаатчилар Қоратепа қишлоғидаги 10-оилавий поликлиникада кроватлар йўқлиги туфайли сил касалликлари диспансеридан кроватлар келтирилиб, беморлар сил юқиши хавфи остида ўша кроватларда ётиб даволанаётгани ҳақида хабар беришди.

Мебелларни вилоят ҳокимлиги томонидан мазкур поликлиникада иш ташкил этиш учун вакил этиб тайинланган Андижон вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази раҳбари Фахриддин Насриддинов олиб келган.

Ачинарлиси, мебеллар диспансернинг дори-дармонга чидамли оғир сил касаллар даволанувчи учинчи ва тўртинчи бўлимларидан келтирилган.

Биз “30 минг аҳолига хавф туғдириши мумкин бўлган кроватлар оилавий поликлиникага қандай келиб қолди?”, “Наҳотки, оилавий поликлиникага бюджетдан 10 дона кроват учун маблағ топилмаса?” каби саволларга жавоб изладик.

“Сил касаллар ётган кроватлар хавфли эканини биламиз, лекин...”

Қоратепа қишлоғининг 30 минг аҳолига хизмат кўрсатувчи 10-оилавий поликлиникасидамиз. Муассаса палатасида 10 нафар бемор ҳақиқатда сил касалликлари диспансеридан келтирилган кроватларда ётиб даволанаётган экан.

“Поликлиникамизга кунига 150-200 нафар бемор келади. Эмлаш кунлари 300 нафаргача қабул қиламиз. Сил диспансеридан кроватлар ҳеч қандай ҳужжатларсиз келди. Бўлим мудири сўраган экан. Ахир бундай ҳаракатлар СЭС ходимлари билан ҳамкорликда қилиниши керак-ку? Ўта юқумли касаллик билан оғриган беморлар ётган сим кроватларни тўғридан тўғри палатага қўя олмадим.

Бўлим бекасига айтиб, қўлдан келганича хлор билан ювиб, тозалаб кейин ўрнатдик. Сил диспансери бошлиғи бизга вакил бўлганидан бери ҳамширалари ҳам муассасамизга келиб, аҳоли билан аралашиб юришибди. Улар касаллик юқтирмаслигига ким кафолат беради? Мен ўрта тиббиёт ходимиман, бошлиқларимиз олий маълумотли ва тажрибали мутахассислар. Уларни мана шу ҳолатларга бепарво бўлаётганидан ҳайронман”, дейди 10-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Раънохон Шодмонова.

Муассаса хўжалик мудираси Муқаддасхон Маҳмудова ҳам кроватлар ҳеч қандай ҳужжатларсиз келгани, уларни омборхонага жойлаб, сўнг зарарсизлантиришга ҳаракат қилиб, хонага олиб киришганини айтди.

Поликлиника мудири Сардорбек Алимжоновнинг изоҳлашича, қишлоқ туман марказидан 22 км узоқликда жойлашгани сабаб аҳоли вакилларига ётиб даволанишлари учун шароит яратиш мақсадида поликлиникада 10 та койка ташкил қилинганини айтди.

“Аҳоли Асака тумани марказига бориб келишга вақт ва маблағ сарфламаслиги учун туман Тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда ётиб даволаниш шароитини қилдик. Лекин бизда кроватлар етишмасди. Шунинг учун сил касалликлари диспансеридан яроқли, лекин ишлатилмай турган кроватларни олиб келиб ўрнатдик. Дезинфекция қилдик. Сўнг ўзимизни врачлардан бири ҳомийлик қилиб матрас ва ёпинчиқлар олиб бергач, палатага қўйдик. Одамлар хурсанд”, дейди бўлим мудири Сардобек Алимжонов.

Унинг айтишича, бизнинг суриштирувимиздан кейин койкалар қайтариб олиб кетилган.

“Мен туман Тиббиёт бирлашмасига жиҳозлар сўраб кўп бора мурожаат қилганман. Натижа бўлмаган. Мана, сизлар келгач, мана шу кроватларни ҳам диспансер олиб кетди. Беморлар койкасиз қолди”, – деди Сардобек Алимжонов.

“Кроватларни зарарсизлантирганмиз, лекин ҳужжати йўқ...”

10-оилавий поликлиникага 10 та кроват етказиб берган вилоят сил касалликлари диспансери раҳбари Фахриддин Насриддиновдан саволларимизга жавоб сўрадик.

“Ўша кроватлар бизники ва бизнинг рўйхатда турибди, инкор қилмайман. Кроватларни ўша поликлиникага боришининг сабаби, давлатимиз раҳбарининг тиббиёт ходимлари билан “Очиқ мулоқоти”дан сўнг, Андижон вилояти ҳокимининг аҳолига эътибори билан бирламчи тиббий ёрдам тизимида 24 соатлик ишни ташкил қилиш тавсияси берилди. Биз ўзимиздаги 2015 йилдан бери фойдаланилмай турган кроватларни зарарсизлантириб, хлорлаб, офтобга қўйиб, сўнг 10-оилавий поликлиникага олиб бордик.

Туберкулёз таёқчаси офтобда икки соатда ўлади. Мен туберкулёз таёқчасини яшовчанлигини билганим учун “обработка” қилганимиздан сўнг жўнатдим. Кроват – темир буюм, хлорли эритмада ювилгач, бемалол ишлатиш мумкин. У ерда ҳам офтобда турди. Бизнинг мақсадимиз ўша ердаги беморларга яхшилик қилиш бўлган”, – дейди Насриддинов.

— Санитария меъёрларига кўра, юқумли касалликлар диспансеридан чиқаётган буюмлар муассаса дезинфектори томонидан зарарсизлантирилиб, тегишли ҳужжат билан чиқарилади. Мана шу ҳужжатни тақдим қила оласизми?

— Биз зарарсизлантирганимизни ҳужжатлаштирмаганмиз. Ундай ҳужжат йўқ. Лекин амалда аниқ қилганмиз.

— Нега биз поликлиникада тасвирга олишни бошлаганимиздан сўнг кроватлар сизни буйруғингиз билан диспансерга қайтариб олиб келинди?

— Мен бу қилган ишим мурожаатчилар ёқмагани учун орқасидан бошқа муаммолар келиб чиқмасин, дея шу ишни қилдим. Аслида бу туман тиббиёт бирлашмасининг муаммоси эди. Энди масалани бирлашма ўзи ҳал қилиб олади.

Вилоят санитария осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Юсуфжон Ортиқовдан ҳолат бўйича изоҳ сўраганимизда, масъул юқумли касалликлар бўлимидан ҳеч қандай буюм дезинфектор томонидан зарарсизлантирилиб, тегишли ҳужжат расмийлаштирилмагунича чиқиб кетмаслигини билдирди.

Хулоса ўрнида

Тасдиқланган санитария меъёрларига кўра, юқумли касалликлар шифохонасидан буюмлар масъулиятли режим остида, дезинфектор мутахассис томонидан зарарсизлантирилгач, тегишли ҳужжат расмийлаштирилиб сўнг ташқарига чиқарилади.

Оилавий поликлиника хўжалик мудираси кроватлар ҳеч қандай ҳужжатларсиз келганини айтди. Диспансер раҳбари ҳам кроватлар зарарсизлантирилгани бўйича ҳужжат йўқлигини тан олди. Биз кроватдан суртма олиб мустақил лабораторияда текширтирмоқчи бўлганимизда кроватлар зудлик билан диспансерга қайтариб олиб кетилибди.

Яхшиям жамиятда ҳушёр одамлар бор. Бизни ўйлантиргани – тиббиёт ходимларининг ўзлари 30 минг аҳолига хизмат қилувчи поликлиника беморларини хавф остига қўйганмикан? Ҳокимликка яхши кўриниш учун бундай “ташаббус” қилиш катта муаммолар келтириши мумкин.

Ундан-да катта муаммо эса қишлоқ тиббиёт муассасасига бюджетдан 10 дона кроват учун пул топилмаганида. Поликлиника мудири ўша кроватларга тўшак ва адёлларни ҳам шифокорлардан бири ҳомийлик қилиб сотиб олиб берганини айтди.

Ўйлаймизки, ҳолат тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилади.

Элмурод Эрматов,
Азизбек Исмоилов

Мавзуга оид